• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Си Цзиньпин Трампни Тайвань бўйича келишмовчиликлар можарога олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди


АҚШ президенти Дональд Трамп 14 май куни Пекинда Хитой етакчиси Си Цзиньпин билан учрашди, деб хабар бермоқда Associated Press. Музокаралар Тяньаньмэнь майдонидаги Халқ йиғинлари саройида икки соатдан кўпроқ давом этди.

Учрашув ёпиқ эшиклар ортида ўтди, бироқ «Синьхуа» айрим тафсилотларни маълум қилди. Хусусан, Си Цзиньпин Трампга Хитой ва АҚШ муносабатларидаги энг муҳим масала — «Тайвань бўғозида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш» эканини айтган.

Сининг сўзларига кўра, агар Тайвань масаласида нотўғри йўл тутилса, Хитой ва АҚШ ўртасида «тўқнашувлар ва ҳатто низолар келиб чиқади, бу эса ҳар қандай муносабатларни хавф остига қўяди». У «Тайвань мустақиллиги» ва Тайвань бўғозидаги тинчлик худди ўт билан сув каби бир-бирига зид эканини қўшимча қилган.

Оқ уй етакчиларнинг учрашувини «самарали» деб атади.

Томонлар АҚШ бизнеси учун Хитой бозорига киришни кўпайтириш ва Хитойнинг АҚШ саноатига инвестицияларини ошириш масалаларини муҳокама қилгани айтилди.

«Шунингдек, АҚШга фентанил прекурсорлари оқимини тўхтатиш борасидаги илгарилашларни давом эттириш ҳамда Хитой томонидан АҚШ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харидини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Томонлар энергия ресурсларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш учун Хурмуз бўғози очиқ қолиши кераклиги бўйича келишиб олди», — дейилади Оқ уй хабарида.

Си Цзиньпин Хитойнинг бўғозни ҳарбийлаштиришга ва ундан фойдаланганлик учун ҳақ ундиришга қарши эканини билдирди. У келгусида Хитойнинг ушбу бўғозга қарамлигини камайтириш учун кўпроқ АҚШ нефтини сотиб олишга қизиқиш билдирди. Ҳар икки давлат Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклиги борасида якдил эканини тасдиқлади.

Музокараларнинг очиқ қисмида, AP`нинг ёзишича, Трамп Сини «буюк етакчи» ва ўзининг дўсти деб атади. Шунингдек, у «икки давлат муносабатлари ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ бўлишига» умид билдирди. Хитой етакчиси, ўз навбатида, ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли, қарама-қаршилик эса ҳар икки томон учун зарарли эканини айтди.

Хитой Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди. ХХР расмийлари оролни куч билан ўз назоратига олишга тайёр эканини бир неча бор таъкидлаган. Bloomberg агентлигининг 2024 йилдаги ҳисоб-китобларига кўра, ХХРнинг Тайванга ҳужуми юз берган тақдирда, уруш жаҳон ЯИМнинг 10 фоизига тушиши, шунингдек, Хитой ва АҚШ ўртасидаги тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашувга олиб келиши мумкин.

Дональд Трамп Пекинга охирги марта 2017 йилда, биринчи президентлик муддатининг бошида борганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *