• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бухородаги Пойи Калон мажмуасини реставрация қилиш режалаштирилмоқда


Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси ва Маданий мерос агентлиги вакиллари Жаҳон мероси маркази директори Лазар Элунду Ассомо ҳамда CRATerre ассоциацияси вакили, мерос объектларини сақлаш бўйича эксперт-архитектор Себастьен Моризе билан онлайн учрашув ташкил этди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Мулоқот давомида Бухородаги Пойи Калон меъморий мажмуасини реставрация қилиш бўйича қўшма лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда CRATerre вакиллари Пойи Калонни реставрация қилиш бўйича лойиҳани биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишга тайёр эканини маълум қилди. Бу жараёнда халқаро илғор тажриба ва замонавий усуллардан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Мажмуа «Бухоронинг тарихий маркази» номли Жаҳон мероси объектининг таркибий қисми ҳисобланади. Томонлар унинг тарихий ва маданий аҳамияти жуда юқори эканини инобатга олиб, лойиҳа халқаро ҳамкорликнинг намунавий амалиёти бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Шунингдек, мажмуани узоқ муддатли сақлаш мақсадида комплекс кўп йиллик консервация режасини ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди. Бу жараёнга маҳаллий мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, уларнинг реставрация, консервация ва маданий меросни бошқариш соҳаларидаги малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Суҳбат давомида CRATerre ва ЮНЕСКО Жаҳон мероси маркази вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи бўйича дастлабки келишувга эришилди. Ташриф доирасида меҳмонлар Пойи Калоннинг ҳолатини жойида ўрганиб чиқади, маҳаллий мутахассислар билан маслаҳатлашади, кадрлар тайёрлаш тизими билан танишади ҳамда лойиҳа тафсилотларини батафсил муҳокама қилади.

Пойи Калон меъморий мажмуаси Мир-Араб ва Амир Олимхон мадрасалари ҳамда Калон минораси ва шу номдаги масжиддан иборат.

Маълумот учун, CRATerre (Centre de recherche et d’application Terre) — ер архитектураси бўйича дунёдаги етакчи илмий-тадқиқот ва амалий марказлардан бири ҳисобланади. Ушбу ташкилот 1979 йилда Францияда ташкил этилган бўлиб, Гренобль миллий олий архитектура мактаби (ENSAG) қошида фаолият юритади.

У ЮНЕСКОнинг «Ер архитектураси» кафедраси (UNESCO Chair on Earthen Architecture) ижрочиси ҳисобланади. Улар бутун дунё бўйлаб ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган пахса ва ғиштли обидаларни сақлаб қолиш ва реставрация қилишда бош эксперт сифатида иштирок этади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *