12 май куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида 1965 йилда туғилган фуқаро Т. Р. Instagram ижтимоий тармоғида Ўзбекистон президенти ва унинг оила аъзолари ҳақида обрўсизлантирувчи ёлғон ахборотни изоҳлар шаклида тарқатганликда айбли деб топилди. Gazeta суд ҳужжатини ўрганди.

Суд ҳужжатларига кўра, у изоҳларни iPhone 11 телефони орқали ёзган. Ҳолат ички ишлар органлари ходимлари томонидан телефон кўздан кечирилганда аниқланган.

Судда Т. Р. ИИО ходимлари уни бўлим биносига таклиф қилгани, телефон текширилганда Instagram орқали ёзилган изоҳлар аниқланганини билдирган. У изоҳларни маст ҳолатда «билиб-билмасдан» ёзиб юборганини, айбига иқрор эканини ва қилмишидан пушаймонлигини айтган. Шунингдек, оилавий ва моддий аҳволи оғирлигини билдириб, енгиллик сўраган.

Суд қарорида қайд этилишича, унинг айби маъмурий баённома, ашёни олиш ва кўздан кечириш баённомаси, Instagram’дан олинган фотосуратлар ҳамда бошқа ёзма далиллар билан тасдиқланган.

Суд Т. Р.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202−2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган (Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш) ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, унга БҲМнинг 50 баравари — 20 млн 600 минг сўм миқдорида жарима тайинлади.

Далилий ашё сифатида олинган iPhone 11 телефони эгасига қайтарилган.