• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Марказий Осиё умумий энергия бозори ғоясига қайтмоқда. Бу минтақага нима учун керак?


2022 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда ўнлаб миллион аҳолини электр энергиясисиз қолдирган кенг кўламли блэкаут Марказий Осиё давлатлари учун энергетика соҳасида янада яқин интеграция зарурати ҳақида кўпроқ гапиришга сабаб бўлди. Жаҳон банкининг энергетика бўйича катта мутахассиси Мақсуджон Сафаровнинг фикрича, минтақа учун «огоҳлантирувчи қўнғироқ» бўлган ушбу узилиш ҳозирги яхлит бўлмаган ҳамкорликнинг чекловларини кўрсатди.

Масаланинг долзарблиги электр энергиясига бўлган талабнинг тез ўсиши билан янада кучаймоқда. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиёда электр энергияси истеъмоли қарийб уч бараварга ўсиши мумкин — буни алоҳида давлатлар мустақил равишда таъминлай олмайди.

Мақсуджон Сафаров. Фото: Андрей Пачевский.

Энергетика сектори минтақа учун иқлим кун тартибининг ҳам асосий йўналишига айланмоқда. Сафаровнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда иссиқхона газлари чиқиндиларининг 75 фоиздан ортиғи энергия ишлаб чиқариш ва истеъмоли билан боғлиқ.

Эксперт фикрича, минтақа ичида электр энергияси савдоси нафақат энергетик хавфсизликни ошириши, балки янада тоза энергия манбаларига ўтишни тезлаштириши ҳам мумкин. Бунинг учун мамлакатлар энергетик ресурсларининг ўзаро бир-бирини тўлдириши замин яратади: Қирғизистон ва Тожикистон йирик гидроэнергетик салоҳиятга (Қамбарота ГЭС-1 ва Роғун ГЭС лойиҳалари), Қозоғистон катта шамол ресурсларига, Туркманистон газ ресурсларига, Ўзбекистон эса қуёш энергетикаси салоҳиятига эга.

Минтақавий даражадаги интеграция қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш учун ҳам муҳим, чунки қуёш ва шамол генерацияси барқарор эмас ҳамда об-ҳаво ва сутка вақтига боғлиқ.

Марказий Осиёда умумий энергия бозори: шарт-шароитлар, муаммолар ва истиқболлар

Ҳозирги кунда минтақа ичидаги электр энергияси савдоси ҳажми пастлигича қолмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, у ҳозирча талабнинг атиги 3 фоизга яқин қисмини қоплайди. Мамлакатлар ўртасидаги мавжуд электр узатиш линиялари эса ярмидан ҳам кам қувватда ишлатилмоқда. Таққослаш учун, Европада ягона энергия бозори шакллантирилгандан кейин тизимлараро алоқалардан фойдаланиш даражаси 85−90 фоизга етган.

жаҳон банки, марказий осиё, энергетика бозори

Сафаровнинг айтишича, асосий муаммолардан бири — тўлақонли минтақавий бозорнинг йўқлиги. Ҳозир давлатлар асосан бир-бири билан тўғридан тўғри ва вазиятга қараб (айниқса қиш мавсумида) келишувга эришмоқда. Туркманистондан ташқари ҳеч бир мамлакатни энергетик жиҳатдан тўлиқ мустақил деб бўлмайди.

Экспертнинг сўзларига кўра, ягона минтақавий бозорни яратиш электр энергияси савдосини янада шаффоф ва олдиндан тушунарли қилади. Хусусан, нарх талаб ва таклифга қараб бозор механизмлари орқали шаклланади, вазиятга қараб тузиладиган икки томонлама келишувлар доирасида эмас. Жаҳон банкида таъкидланишича, бу энергетика соҳасининг хусусий инвесторлар учун жозибадорлигини ҳам оширади. Улар ривожланган мамлакатларда қайта тикланувчи энергетикага фаол сармоя киритиб, электр энергияси савдосида иштирок этмоқда.

жаҳон банки, марказий осиё, энергетика бозори

Яна бир жиддий тўсиқ — эскирган инфратузилма. Сафаров тушунтиришича, СССР парчаланганидан кейин мамлакатлар ички тармоқларни модернизация қилган, давлатлараро электр узатиш линиялари эса 70−80-йиллар даражасида қолиб кетган.

Масаланинг яна бир жиҳати — давлатлар ўртасидаги мувофиқлаштиришнинг сустлиги. Тошкентда жойлашган «Энергия» халқаро мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази асосан электр энергияси оқимларини техник бошқариш билан шуғулланади, қўшма режалаштириш ва умумий бозорни ривожлантириш масалалари эса ҳозирча очиқлигича қолмоқда.

Экспертнинг сўзларига кўра, интеграциянинг асосий шарти минтақа давлатлари ўртасидаги сиёсий мувофиқлаштириш ҳисобланади. Жаҳон банкида таъкидлашларича, сўнгги йилларда айнан сиёсий ирода умумий энергия бозорини муҳокама қилишни қайта бошлаш омилларидан бири бўлди. Сафаровнинг фикрича, минтақа бўлажак талабни ҳар бир давлат мустақил қоплашга уринишидан кўра, мамлакатларнинг қиёсий устунликларига таянгани маъқул.

«Охирги 25 йил давомида ҳеч ким бу масалага қарамаган. Энди энергетика вазирлари йилига бир неча марта учрашиб, минтақавий масалаларни муҳокама қила бошлади», — деди у.

REMIT дастурининг Марказий Осиё электр энергияси бозорини ривожлантиришдаги ўрни

2026 йил январь ойида Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши REMIT — «Марказий Осиёда электр энергияси бозорини ривожлантириш ваэнергия тизимлари интеграцияси» дастурини тасдиқлади. 2035 йилгача мўлжалланган дастур умумий электр энергияси бозорини яратиш, давлатлараро тармоқларни модернизация қилиш, энергия тизимларини рақамлаштириш ва қайта тикланувчи энергетикани интеграция қилишни назарда тутади.

Дастур бир неча босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич аллақачон Жаҳон банки томонидан маъқулланган. Унинг биринчи босқичи доирасида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг «Энергия» мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик марказига дастур доирасида тегишли чора-тадбирларини амалга ошириш учун умумий қиймати 143,2 миллион долларлик грантлар ва имтиёзли кредирлар ажратилади. Ушбу маблағларнинг 140 миллион доллари Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) ресурсларидан ва 3,2 миллион доллари Марказий Осиё сув ваэнергетика дастури грантлари кўринишида ажратилади.

Қозоғистонда лойиҳа тармоқларни модернизация қилиш ва шамол энергетикасини интеграция қилишга, Ўзбекистонда қуёш генерациясини ривожлантириш ва қўшни давлатлар билан алоқаларни кучайтиришга, Қирғизистонда Қамбарота ГЭС-1 учун инфратузилма тайёрлашга, Тожикистонда эса тармоқлар ва Роғун ГЭС экспорт коридорини кенгайтиришга қаратилган.

жаҳон банки, марказий осиё, энергетика бозори

Сафаровнинг айтишича, Туркманистон ҳам ташаббусга қўшилади.

«Бу Марказий Осиё тарихида барча беш давлатни бирлаштирган биринчи минтақавий лойиҳадир», — деди у.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, янада яқин интеграция 2050 йилга бориб Марказий Осиёга 15 млрд долларгача иқтисодий фойда келтириши мумкин. Умумий бозор мамлакатларга генерацияни самаралироқ тақсимлаш ва ҳар бир давлат ичида ортиқча қувватлар қуриш эҳтиёжини қисқартириш имконини беради.

«Ҳар бир давлат ўзини тўлиқ таъминлаш учун жуда кўп электр станциялари қуриши шарт эмас. Қўшниларга таяниш ва бутун минтақа миқёсида тизимни оптималлаштириш мумкин ва зарур», — дея тушунтирди Сафаров.

Жаҳон банкида, шунингдек, электр энергияси нархи 10 фоизгача пасайиши, энергетик хавфсизлик ошиши ва иссиқхона газлари чиқиндилари 25 фоизга қисқариши кутилмоқда.

жаҳон банки, марказий осиё, энергетика бозори

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов таъкидлашича, энергия тизимлари интеграцияси ҳаво сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Энергия танқислиги даврларида мамлакатлар кўпинча энергия ва иситиш учун кўмир ҳамда мазутдан фаолроқ фойдаланишга мажбур бўлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар ўртасида электр энергияси оқимларининг йўлга қўйилиши қазилма ёқилғилар истеъмолини камайтириб, атмосферага зарарли моддалар чиқишини қисқартириши мумкин.

Ҳаво сифати ёмонлашаётган шароитда Марказий Осиё давлатлари экологик соҳада минтақавий ҳамкорликни кучайтирмоқда. Аввалроқ тоза ҳаво масалалари бўйича ҳукуматлараро коалиция тузилиши эълон қилинган эди. REMIT доирасида 2035 йилгача қўшимча 9 ГВт қайта тикланувчи энергия манбалари қувватлари ишга туширилиши кутилмоқда. Сафаровнинг сўзларига кўра, бу минтақадаги энг йирик гидроэнергетика лойиҳалари — Роғун ва Қамбарота ГЭСлари миқёсига тенг.

Фото: Энергетика вазирлиги.Фото: Энергетика вазирлиги.

Сафаров таъкидлашича, REMIT алоҳида лойиҳа эмас, балки Марказий Осиёнинг кейинги энергетик интеграцияси учун асос сифатида кўрилмоқда. Дастур янги минтақавий ташаббусларни бошлаш ва халқаро молиялаштиришни жалб қилиш учун платформага айланиши керак.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2035 йилгача Марказий Осиё энергия тизимларини модернизация ва интеграция қилиш учун камида 5,5 млрд доллар талаб этилади. REMIT’нинг жорий молиялаштириш пакети тахминан 1 млрд долларга баҳоланмоқда. Дастур амалга оширилгандан сўнг Жаҳон банки Марказий Осиёда электр энергияси савдоси камида икки баравар ўсишини кутмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *