Тошкентда тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган автомобилларни жарима майдонига олиб кетиш бошланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.

Марказнинг қайд этишича, тартибли шаҳарни яратиш ишларининг кейинги босқичида нотўғри жойда қолдирилган автомобилларга нисбатан қатъийроқ чора кўриш режалаштирилмоқда.

«Пойтахтнинг турли туманларида автомобилларнинг пиёдалар йўлакларида, ўтиш жойлари яқинида, бекатларда, яшил ҳудудларда, тўхташ ёки тўхтаб туришни тақиқловчи белгилар ўрнатилган жойларда қолдирилиши мунтазам кузатилмоқда. Бу эса одамларнинг хавфсиз ва эркин ҳаракатланишига, жамоат транспорти ҳамда махсус техника қатновига тўсқинлик қилади», — дейилади марказ хабарида.

Марказ бундай вазиятлар кексалар, болалар аравачасидаги ота-оналар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болалар учун қийинчилик туғдиришини таъкидлаб, энди тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган ҳолда қолдирилган автомобиллар белгиланган тартибда эвакуация қилиниб, махсус жарима майдончаларига жойлаштирилишини маълум қилди.

Марказ бундан мақсад кўчаларда тартибни ўрнатиш, ҳаракат хавфсизлигини, жамоат жойлари аҳоли учун очиқ ва хавфсиз бўлишини таъминлаш эканини қайд этди.

Ҳайдовчилар тўхташ ва тўхтаб туриш учун жой танлаётганда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга, автомобилларни тақиқланган, пиёдалар, жамоат транспорти, махсус техника ҳаракатига халақит берадиган ёки хавфсизликка таҳдид соладиган жойларда қолдирмасликка чақирилди.