Тошкентдаги автобус ҳайдовчилари бир ойда 70 соат кўп ишлашига тўғри келяпти. Эндиликда битта автобусга уч нафаргача ҳайдовчини бириктириш орқали мазкур масалага барҳам бериш режа қилинмоқда. Бу ҳақда 14 май куни «Тошшаҳартрансхизмат»да ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда журналистлар томонидан ҳайдовчилар фаолияти билан боғлиқ турли саволлар берилди. Gazeta қуйидаги масъулларнинг жавобларини келтиради.
«Бир нафар ҳайдовчи ойига 70 соат кўп ишлаяпти»
«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси бошқаруви раиси Азиз Хужановнинг таъкидлашича, бугунги кунда тизимда 1987 та автобус мавжуд бўлиб, ҳайдовчилар сони 3832 нафарни ташкил этади.
«Уларнинг иш графигини тўғри ташкил қилиш, ишдан кейин оиласига вақт ажратиши ва дам олишини таъминлаш мақсадида март ойидан қўшимча 200 га яқин ҳайдовчини ишга олдик. Ҳайдовчилар эрталаб соат
Азиз Хужанов.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда бир ҳайдовчининг ойлик умумий иш вақти 240 соатни ташкил қилади.
«Ваҳоланки, меҳнат кодексига асосан, бу 170 соат бўлиши керак, яъни улар 70 соат кўпроқ ишлашларига тўғри келяпти. Яқинда давлат раҳбарига қилинган тақдимотда барчаси айтилди ва қўшимча ҳайдовчиларни ишга олиш бўйича кўрсатмалар берилди. Эндиликда битта автобусга уч нафаргача ҳайдовчи бириктирадиган бўлдик», — дейди «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбари.
«Бу билан нимага эришамиз? Ҳайдовчилар дам олишга кўпроқ вақт ажратади. Олдин кунора ишга келган бўлса, энди уч кунда бир ишга чиқади. Йўл-транспорт билан боғлиқ ҳар хил нохуш вазиятлар, яъни йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ва ЙТҲларнинг олдини олишга эришилади», — дея қўшимча қилди Азиз Хужанов.
Хужановнинг айтишича, ҳозирга қадар жами 3832 нафар ҳайдовчининг 2330 нафари малака ошириш курсларида ўқиди. Йил якунигача яна 1200 нафари малакасини оширади. «Улар махсус курсларда йўналишда қанақа ҳаракатланиш кераклиги, муомала маданияти, бекатларда қандай тўхташ лозимлиги каби масалалар бўйича ўқитилади», — дейди у.
Қайта ўқитиш ва KPI тизими
Тошкент шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Муроджон Икромов Европанинг Deutsche Bank компанияси билан ҳамкорликда йўлга қўйилган дастур ҳақида гапираркан, ҳайдовчиларнинг муомала маданиятида ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини айтди.
«2023 йил охирида Deutsche Bank компанияси билан шартнома имзоладик. Автобус ҳайдовчиларини Европа стандартлари бўйича қайта тайёрлаш масаласи ҳужжат шартларидан бири эди. Шартнома имзолангач, Deutsche Bank компанияси экспертлари олти ой давомида пойтахтдаги шароитларни ўрганиб, бир қатор, хусусан, автобусларни перонга яқин тўхтатмаслиги, бекатга тўхтамай ўтиши ёки пулни орқасидан қувиши каби камчиликларимизни аниқлади ва махсус дастур ишлаб чиқди», — дейди у.

Муроджон Икромов.
«Ушбу дастур доирасида «Тошшаҳартрансхизмат»нинг 1200 дан ортиқ ҳайдовчиси қайта малака оширганидан кейин мониторинг ўтказилди ва улар ўз фаолиятида бир қатор ҳолатларни такрорламаётгани аниқланди. Deutsche Bank компанияси жорий қилган дастур ўз натижасини беряпти. Агар қолган ҳайдовчиларни ҳам қайтадан ўқитадиган бўлсак, барчасининг маданияти бир поғонага юқорилайди, деб ўйлайман», — дея қўшимча қилди Икромов.
У 2026 йилдан KPI тизими йўлга қўйилгани ва бу орқали ҳайдовчилар аста-секин тартибга келаётганини билдирди.
«Ҳайдовчилар ишини тугатиб, тунда мониторинг марказига келганида, кун давомида қаерларда хато қилганини кўради, ҳар бир рейс бўйича таҳлил юритилади. У маош тушган вақтда нега жарима ушлаб қолингани ҳақида савол бермайди. Масалан, ҳайдовчи 13 май куни 10 та қатновни амалга оширган бўлса, тўққизинчи рейсида қандай хато қилганини марказ орқали ҳам қайта ёдга олади. Шу тариқа секин-секин тартибга келади», — дея тушунтирди Муроджон Икромов у.
Азиз Хужанов ҳайдовчиларни рағбатлантириш механизми ҳам йўлга қўйилганини таъкидлади.
«Ҳар бир ҳайдовчига нисбатан рейтинг жорий қилганмиз. Рейтинг бир қанча қанча мезонлар асосида юритилади, яъни ЙТҲ содир этмаган, йўналиш давомида эътироз эшитмаган, ҳар бир қатновда белгиланган вақтларга риоя қилган ҳайдовчилар аниқланиб, эътироф этилади. 2025 йилда саккизта автобус саройларидаги ҳайдовчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди», — дейди «Тошшаҳартрансхизмат» бошқаруви раиси.
Мониторинг қилинадиган 16 та қоидабузарлик
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ Бошқарув раисининг рақамлаштириш ва сунъий интеллект жорий этиш бўйича маслаҳатчиси Шоҳруз Ходжиевнинг таъкидлашича, диспетчерлик хизмати ҳар битта рейсни назорат қилишдан ташқари, қуйидаги 16 хил турдаги қоидабузарликларни ҳам мониторинг қилиб боради:
-
автобусга ажратилган «А» махсус тасмасидан чиқиб ҳаракатланиш;
-
белгиланган тезликни меъёридан ошириш;
-
уяли алоқа воситасидан фойдаланиш;
-
қувиб ўтиш ва қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш;
-
автобус эшикларини очиқ ҳолатда ҳаракатланиш;
-
қизил чироқда ҳаракатланиш,
-
«Stop» йўл белгисига ва «Stop» чизиғига бўйсунмаслик;
-
автобус эшикларининг блокировка ускунасини ўчириш;
-
автобус бекатларига кирмаслик;
-
автобус бекатларида тўхтамаслик;
-
ҳайдовчининг кабинасида бошқа шахслар;
-
автобусда ҳайдовчини назорат қилувчи камерани бураб қўйиш;
-
автобусда тамаки истеъмол қилиш;
-
автобусдан чиқиндини йўлга ташлаш;
-
қулоқчин ва шунга ўхшаш воситалардан фойдаланиш;
-
йўловчилар билан қўпол муомалада бўлиш (1062 ва ҳар қандай кўринишдаги мурожаатлар келиб тушган ва тасдиғини топган ҳолатлар).
«Мазкур 16 та ҳолатнинг 7 тасини сунъий интеллект орқали аниқлаймиз. 9 таси диспетчерлик маркази ходимлари томонидан мониторинг олиб борилиб, аниқланадиган ҳолатларни ташкил этади. Сиз ҳозир айтиб ўтдингиз, автобусларда гувоҳ бўлган ҳолатлар ҳақида мурожаат қилсак, аммо натижа бўлмаса, кейинги сафар бу ҳақда маълумот бермай қўя қоламан, дедингиз. Бу фикрингизга 100 фоиз қўшиламан ва тан оламан: бизда ҳозир „фидбек“ деган нарса йўқ. Аммо бу бизнинг ишламаяпти, дегани ҳам эмас», — дейди Ходжиев.
«4 ойда 7 ҳайдовчи ишдан олинди»
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Комилжон Қодировнинг айтишича, 2026 йилнинг 4 ойида автобус ҳайдовчилари томонидан жами 1478 та қоидабузарлик аниқланган.
«Йўл чизиғи талабини бузиш, қувиб ўтиш, „А“ йўлакдан чиқиб ҳаракатланиш, қизил чироқда ғамда автобус эшикларини очиқ ҳолда ҳаракатланиш, телефондан фойдаланиш каби ҳолатларнинг ҳар бири бўйича ЙПХ ходимлари томонидан ҳайдовчиларга нисбатан баённомалар расмийлаштирилган ва қонуний чоралар кўрилган», — дейди у.

Комилжон Қодиров.
Унинг қайд этишича, январь-апрель ойларида 924 нафар ҳайдовчининг белгиланган ички тартиб ва қоидаларни бузгани маълум бўлган.
«Аниқланган ҳар бир қоидабузарлик бўйича ҳайдовчиларга нисбатан ўрнатилган тартибда ўртача ойлик иш ҳақининг 5 фоизидан 30 фоизи миқдоригача бўлган жарима қўлланилган ва бошқа интизомий таъсир чоралари кўрилган. Бундан ташқари, 7 нафар ҳайдовчи билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди», — дейди Комилжон Қодиров.
«1062″ Call марказ фаолияти ривожлантирилади»
Шоҳруз Ходжиевнинг қайд этишича, 1 июль санасидан бошлаб, «1062» call марказимиз фаолияти кенгаяди ва йўловчиларнинг узоқ навбат кутиш масаласига барҳам берилади.

Шоҳруз Ходжиев.
«Тўғрисини айтганда, „1062“ call марказимизда уч нафар ходим ишлайди. Март ойида 6000 та қўнғироқ бўлган, шундан 2000 тасига жавоб бера олинган холос. Уч киши бунча мурожаатни қабул қилолмайди. Call марказда жавоб бериш масаласи яхши бўлмагани учун биз профессионал алоқа маркази билан шуғулланадиган ташкилотга мурожаат қилдик. 1 июндан бошлаб янги call марказимиз фаолият бошлайди. Кўпи билан бештагача навбат бўлади: қўнғироқ қилган йўловчи бештадан ортиқ навбатда турмайди», — дея тушунтирди «Тошшаҳартрансхизмат» вакили.
«Call марказга йўловчи томонидан мурожаат қолдирилгач, ҳайдовчи билан профилактик суҳбат ўтказилади ва эътироз ўз тасдиғини топса, таъсир чоралари кўрилади. Фуқарога қайта қўнғироқ қилиб, мурожаат якуни бўйича ахборот бериш тизимга ўтамиз», — дея қўшимча қилди у.
Азиз Хужановнинг айтишича, «Тошшаҳартрансхизмат» ва АТТО биргаликда ҳар бир автобусдаги QK кодларни янгилиш ишлари бошланган.

Фото: «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати.
«Айрим йўловчилар ҳолат юзасидан ўша заҳотиёқ ҳайдовчининг ўзига айтади. Лекин ҳайдовчига мурожаат қилолмайдиган фуқаролар учун фикр ва таклифларини қолдира оладиган имконият яратмоқчимиз. Ҳайдовчи билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат: бекатда тўхтамади, яхши ёки ёмон муомалада бўлди, автобус салони тоза ёки чанг, деган турли мазмундаги эътироз ва эътирофларини қолдириши мумкин. QK кодлар ҳар битта автобусда албатта, бўлади», — дейди Хужанов.
Аёл ҳайдовчилар сони ортмоқда
Унинг маълум қилишича, 2025 йилда ҳайдовчиликка номзод 50 нафар аёл DE категория бўйича ўқитилди.
«Транспорт вазирлиги ҳузуридаги илмий институтда ташкил этилган курсни битирган 50 нафар аёлдан 28 нафари синовдан ўтди. Улар яшаш манзилига яқин жойдаги филиалларга бириктирилди ва ҳозирда йўналишлар бўйича иш ўрганмоқда», — дейди у.
Транспорт вазирлиги матбуот котиби Навруз Аширматовнинг қўшимча қилишича, аввал аёлларда катта автотранспорт воситаларини бошқариш бўйича юридик нуқтаи назардан ҳуқуқ мавжуд эмас эди.

Навруз Аширматов.
«Вазирлик томонидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига ўзгартиришлар киритилди ва хотин-қизларда ҳам айнан йўловчи ташиш автобусларида ҳайдовчилик фаолияти билан шуғулланиш имконияти яратилди. БМТ Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда соҳада фаолият юритаётган аёллар улушини оширишга қаратилган алоҳида лойиҳа бошлаганмиз. Унинг биринчи босқичида ўқиб, курсни якунлаган ва имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган икки нафар аёл ҳайдовчи айни пайтда «Тошшаҳартрансхизмат»да автобус бошқармоқда. Бугунги кунда яна 28 нафар аёл тегишли йўналишларга бевосита бириктирилиб, мустақил фаолият бошлаш арафасида турибди», — дейди Аширматов.
«Шунингдек, жамоат транспорти тизимида гендер тенглигини таъминлаш мақсадида Тошкент метрополитенида ҳам бундай лойиҳалар амалга ошириляпти. Ҳозирги кунда 15 нафарга яқин аёллар бевосита машинист лавозимида ишламоқда», — дея қўшимча қилди вазирлик матбуот котиби.
Аввалроқ, 2025−2026 йилларда 50 мингдан зиёд фуқаро Тошкентда автобусларда йўл ҳақини тўламагани аниқлангани, уларнинг 70 фоизи талабаларни ташкил этиши ҳақида хабар берилганди. «Тошшаҳартрансхизмат»га кўра, чиптасиз йўловчиларни сунъий интеллект орқали назорат қилиш режалаштирилмоқда.
