• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Педагоглар фарзандларига ОТМ контракти учун 30 фоиз чегирма бериш таклиф қилинмоқда



Ўзбекистонда давлат олий таълим муассасаларида ўқиётган ва ўқишга кирган педагоглар фарзандларига контракт тўловининг 30 фоизи миқдорида чегирма бериш тартиби жорий этилиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжатга кўра, имтиёз 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб амал қилади. Чегирма давлат ОТМларида бакалавриатнинг кундузги шаклида базавий тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган ёки ўқишга кирган педагоглар фарзандларига берилади.

Лойиҳада «педагог» тушунчаси «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунга мувофиқ белгиланган. Бунда асосий фаолияти педагогик иш бўлган ота ёки онанинг фарзанди имтиёздан фойдаланиши мумкин.

Шу билан бирга, магистратура, қўшма таълим дастурлари ва супер-контрактда таҳсил олаётган талабалар ушбу тартиб доирасига кирмайди. Чегирма оширилган ёки табақалаштирилган контрактларга (супер контракт) эмас, фақат базавий контракт қийматига нисбатан қўлланади. Чегирма ҳар ўқув йили учун бир марта берилади.

Аризалар kontrakt.edu.uz тизими орқали юборилади. ОТМнинг масъул бўлими икки иш куни ичида аризани кўриб чиқиб, «Электрон ҳукумат» тизими орқали педагог мақомини текширади. Шундан кейин чегирма қўлланган шартнома шакллантирилади ёки ариза қайта ишлаш учун рад этилади.

ОТМлар тақдим этган талабгорлар рўйхати асосида Олий таълим вазирлиги уч иш куни ичида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига маблағ ажратиш бўйича сўров юборади. Шундан сўнг маблағлар ҳар йили 20 майга қадар олий таълим муассасаларининг шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилиши керак.

Шу билан бирга, ҳар бир ОТМ ректори ёки филиал директори жорий ўқув йилининг 15 октябрига қадар қайси талабаларга чегирма давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши ҳақида буйруқ чиқаради.

Лойиҳада қайд этилишича, чегирма суммаси базавий контрактнинг (стипендиясиз) 30 фоизи ҳисобида қопланади.

Агар давлат томонидан ажратилган маблағлар етарли бўлмаса, ОТМлар тегишли вазирлик ва идораларга қўшимча бюджет маблағи сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Лойиҳада чегирма учун сарфланадиган маблағлар давлат бюджети ҳисобидан қопланиши белгиланган. 2026 йилда харажатлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2027 йилдан эса давлат бюджети параметрларида алоҳида назарда тутилади.

Ҳужжатга илова қилинган тушунтириш хатида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу имтиёзни жорий этиш учун йилига тахминан 50 млрд сўм талаб қилиниши қайд этилган.

Шунингдек, чегирма суммасини тўлиқ қоплаб бериш учун бюджетдан ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумотлар ОТМларнинг расмий сайтларида ҳар чорак якунлари бўйича эълон қилиб борилади. Давлат молиявий назорати инспекцияси маблағларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилади.

Агар талабгорнинг ота ёки онаси кейинчалик педагог мақомидан чиқарилса, унга кейинги ўқув йилидан бошлаб чегирма қўллаш тўхтатилади.

Қайд этилишича, лойиҳа Ўзбекистон президентининг 2025 йил сентябрида «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижроси доирасида ишлаб чиқилган. Ҳужжатни тайёрлашда Австрия, Буюк Британия, Швеция, Канада ва Франция тажрибаси ўрганилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йиғилишдаги топшириқлардан сўнг, 15 йил иш стажига эга бўлган олий малака тоифадаги педагогларга ипотека кредитлари бошланғич бадалининг 25 фоизини қоплаб бериш ҳамда топ 300 таликка кирган хорижий университетларда ўқиш учун ёшлар ва педагогларга имтиёзли таълим кредити ажратиш тўғрисида ҳужжатлар қабул қилинди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *