Қирғизистон бош вазири Адилбек Касималиев давлат хизматчиларига электр энергиясини тежаш мақсадида пиджакдан воз кечиш ва кўйлакда ишлаш мажбуриятини юкловчи фармойишни имзолади. Янги тартиб 14 майдан кучга кирди, деб хабар бермоқда 24.kg нашри.

Касималиевнинг сўзларига кўра, костюмдан воз кечиш давлат муассасаларида кондиционерлардан камроқ фойдаланиш имконини беради. «Ҳозир биз костюм кийиб ишлаяпмиз ва кондиционерларни ёқяпмиз. Агар шунчаки кўйлакда юрсак, кондиционерни ёқмаса ҳам бўлади. Биз электр энергиясини тежашимиз керак», — деди у.

Қирғизистон бош вазири мисол тариқасида Япония тажрибасини келтирди. У ерда 2005 йилда ҳукумат кондиционерлардан фойдаланишни чеклаш орқали электр истеъмолини камайтириш мақсадида Cool Biz кампаниясини бошлаганди. Бунинг учун офислардаги кондиционерларнинг стандарт ҳарорати +28 даража этиб белгиланган, амалдорлар учун эса соддалаштирилган ёзги дресс-код жорий этилган. Бугунги кунда ушбу кампания май ойидан октябргача давом этади ва хусусий секторга ҳам тарқалган.

«Японияда шундай тажриба қўлланади: электр энергиясини тежаш учун улар бўйинбоғсиз кўйлак кийишни бошлаган, бунинг натижасида давлатда миллиардлаб иена маблағ тежаб қолинди», — деб таъкидлади Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари.

Қирғизистон ҳукумати маълумотларига кўра, охирги беш йил ичида мамлакатда электр энергияси истеъмоли 25 фоиздан кўпроққа ошган — 2020 йилдаги 15,4 миллиард кВт/соатдан 2025 йил якунига келиб 19,3 миллиард кВт/соатгача етган. Шу билан бирга, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш суръатлари талаб ўсишидан орқада қолмоқда.