Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) геосиёсий лойиҳа ёки ҳарбий ташкилот эмаслигини маълум қилди.
«Сўнгги пайтларда бирлашмамизни ҳарбий альянс сифатида тавсифловчи фикрлар янграмоқда. Бундай уйдирмаларни илгари сураётганлар ғаразли мақсадларни кўзлаётгани ва орага нифоқ солишга интилаётгани аён. Қозоғистон бу каби позицияни рад этишни зарур деб ҳисоблайди», — деди Тоқаев 15 май куни Туркистонда бўлиб ўтган ТДТнинг норасмий саммитидаги нутқида.
«Туркий давлатлар ташкилоти геосиёсий лойиҳа ёки ҳарбий ташкилот эмас. Бу қардош давлатларнинг савдо-иқтисодий, юқори технологик, рақамли ва маданий-гуманитар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган ноёб майдондир», — дея таъкидлади у.
Тоқаев бундай позиция Қозоғистон учун «муҳим устувор йўналиш» эканини ва у «миллий манфаатлар нуқтаи назаридан, шубҳасиз, самарали» эканини қўшимча қилди.
Туркий давлатлар ташкилоти (аввалги номи Туркий кенгаш) — туркийзабон давлатларни: Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистонни бирлаштирувчи халқаро ташкилотдир. Венгрия, Туркманистон ва Шимолий Кипр Турк Республикаси ТДТда кузатувчи давлатлар ҳисобланади.
Ташкилотнинг мақсади сифатида «туркий давлатлар ўртасида ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, сиёсий бирдамликни кучайтириш, иқтисодий ва техник ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш, шунингдек, туркий дунёнинг тарихий ва маданий меросини асраб-авайлаш ҳамда оммалаштиришни таъминлаш» кўрсатилган.
