Қозоғистон ва Туркия учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этади. Тегишли келишув 14 май куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ўртасидаги музокаралар якунида имзоланди, деб хабар берди Акорда.

Ҳужжатда, хусусан, «АНКА» (ANKA) учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш кўзда тутилган. Бу Туркиянинг ўрта баландликда узоқ вақт парвоз қила оладиган разведка-зарбдор дронларидир. Улар Turkish Aerospace Industries (TAI) компанияси томонидан Туркия Ҳарбий-ҳаво кучлари ва экспорт учун ишлаб чиқилмоқда.

2022 йилда Қозоғистон мамлакат Қуролли кучлари учун учта ANKA дронини сотиб олиш бўйича TAI билан шартнома имзолаганди. 2023 йилда Anka-S дронлари Қозоғистонда синовдан ўтказиш учун қабул қилингани ҳақида хабар берилганди.

Режеп Таййип Эрдоғаннинг Остонага давлат ташрифи давомида икки давлат ўртасида инвестиция, энергетика, мудофаа ва таълим соҳаларини қамраб олувчи яна 13 та ҳамкорлик ҳужжати имзоланди. Улар қаторида «КазМунайГаз» ва Türkiye Petrolleri Anonim Ortaklığı ўртасида нефть-газ лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги меморандум ҳам бор.