• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ҳатто бир нечта муқобил йўналишларга ҳам таяниб бўлмайди» — транспорт вазири ўринбосари



Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларига муқобил транспорт йўналишлари зарур. Бу ҳақда 5 май куни Самарқандда бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки йиғилиши доирасидаги панель сессиясида транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Унинг сўзларига кўра, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўли қурилиши Қирғизистон ҳудудида аллақачон бошланган.

«Уч давлат бирлашиб, мавжуд йўналишларга муқобил бўладиган ушбу йўлакни қуришга қарор қилди. Чунки ҳар куни дуч келаётган талаб ва ўзгаришлар шуни кўрсатдики, ҳатто бир нечта муқобил йўналишларга ҳам таяниб бўлмайди. Ҳар қандай қўшимча муқобил вариант исталган вақтда ёрдам беради», — деди у.

Вазир ўринбосари лойиҳанинг минтақа давлатлари учун иқтисодий самараси катта бўлишини таъкидлади.

«Транзит вақтининг қисқариши, харажатларнинг камайиши ва ушбу лойиҳанинг Марказий Осиё давлатларига берадиган иқтисодий фойдасини ортиқча баҳолаб бўлмайди. Биз аввал ҳам прогнозлар ва таҳлиллар қилганмиз, аммо ўйлайманки, йилдан йилга бу прогнозлар ижобий томонга ўзгариб боради», — деди Жасурбек Чориев.

У жанубий йўналиш ҳақида гапирар экан, Ўзбекистон ва Марказий Осиё учун денгиз йўллари ҳамда портларга энг қисқа чиқиш имконияти муҳимлигини қайд этди.

«Бандар Аббос (Эрон жанубидаги порт шаҳар — таҳр.) орқали чиқиш имконияти мавжуд бўлганига қарамасдан, бугунги вазият жуда ноаниқлигича қолмоқда. Шунинг учун мақсадимиз — Афғонистон орқали Покистонга чиқиш ва Қарачи ҳамда Гвадар портларига етиб бориш», — деди вазир ўринбосари.

Унинг айтишича, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ушбу лойиҳа бўйича концептуал келишувга эришган. Ҳозирда йўналиш бўйича жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ва техник-иқтисодий асослаш бошланган.

«Кейинги босқич — қанчалик тез ва қандай ҳажмда капитал жалб қилишимиз, шунингдек, қайси ҳамкорлар қизиқиш билдиришини тушуниш», — деди у.

Жасурбек Чориев янги транзит йўлаги савдо ва минтақанинг ўзаро боғлиқлиги учун «улкан имкониятлар» очиши мумкинлигини қўшимча қилди.

«Осиё ичидаги савдо ҳажмига қарасак, у жаҳон савдосининг 40 фоизидан ортиғини ташкил қилади. Транспорт соҳасидаги операциялар ҳажмининг ўзи бир триллион доллардан ошиб кетади», — деди у.

«Савдо ва ўзаро боғлиқлик нуқтаи назаридан бу Ўзбекистон интилаётган янги йўналиш бўлади. Ва фақат Ўзбекистон эмас — ўйлайманки, янги транспорт йўлаклари қурилиши ва уларнинг ортиқча кечикишларсиз ўз вақтида барпо этилиши учун Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ва ҳамкорлар билан кучларни бирлаштиришимиз керак», — дея таъкидлади транспорт вазири ўринбосари.

Сунъий интеллект ҳақида

Ўша сессияда Жасурбек Чориев транспорт тизимларини ривожлантиришда сунъий интеллектнинг роли ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, келажакда сунъий интеллект ҳозир консультантлар бажараётган таҳлилий ишларнинг бир қисмини эгаллаши мумкин.

«Маълум бир пайт келиб, оддий таҳлил ёки таққослашлар учун консультант ёллашга эҳтиёж қолмайди — агар сизда асосий билимлар, нимага эришмоқчи эканингиз, қандай мақсадлар қўяётганингиз ва қандай вазифаларни шакллантираётганингиз ҳақида тушунча бўлса», — деди вазир ўринбосари.

У вазифа тўғри қўйилса, сунъий интеллект кутилганидан ҳам юқори натижалар бериши мумкинлигини таъкидлади.

«Маълумотлар таҳлили жуда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, биз қандай сигналларни олишни исташимиз, айнан қайси сигналларни кўришни хоҳлашимиз ва сунъий интеллектнинг ўзи қандай тавсиялар бера олиши ҳам муҳим. Буни кузатиш ҳам жуда қизиқ бўлади», — деди у.

Жасурбек Чориевнинг айтишича, сунъий интеллектни миллий даражада интеграция қилиш масаласи аллақачон кун тартибига киритилган ва президент фармонида ҳам акс этган.

Транспорт вазири ўринбосари шу сессияда Ўзбекистон ташқи дунё билан боғлиқликни сақлаб қолиш учун нафақат ўз ҳудудида, балки унинг ташқарисида ҳам транспорт инфратузилмасини қураётганини айтди. Илгари бир неча йилда бир марта кузатилган инқирозлар ҳозир бозорларга деярли ҳар ой таъсир кўрсатмоқда.

Унинг таъкидлашича, СССР парчалангач, кўплаб тарихий савдо коридорлари ва чегара пунктлари ягона тизим сифатида ишлашдан тўхтагани сабабли, Ўзбекистон учун чегаралардаги кечикишлар муаммосини ҳал қилиш айниқса муҳим. Унинг айтишича, ҳозир Марказий Осиё ушбу йўналишларга қайтяпти.

Аввалроқ инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Шохрух Гуламов Gazeta`га берган интервьюсида Яқин Шарқдаги можаро Ўзбекистон учун юк ташиш нархига таъсир қилаётганини айтган эди. Унинг айтишича, ҳукумат юкларни муқобил йўналишлар, жумладан, Марказий коридор ва Хитой портлари орқали қайта йўналтириш устида ишламоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *