• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Жавоҳир Синдаров Руминиядаги супертурнирда иштирокини бошлади – Gazeta


Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров Бухарестда Superbet Chess Classic Romania 2026 мусобақасининг биринчи турида руминиялик Богдан-Даниэл Деак билан дуранг ўйнади.

Фото: Lennart Ootes / GCT

Бу Синдаровнинг Номзодлар турниридаги ғалабасидан кейинги биринчи классик партиясидир. Ўзбекистон вакили қоралар билан ўйнади ва эски ҳинд ҳимоясини танлади, бироқ Деак тезда фарзинларни алмаштиришга ўтди. Ўйин тинч оқимга ўтиб, дуранг билан якунланди.

Биринчи турдаги барча партиялар дуранг билан якунланди. Шунингдек, Винсент Каймер ва Уэсли Со, Алиреза Фирузджа ва Рамешбабу Прагнанандха, Аниш Гири ва Максим Вашье-Лаграв, Фабиано Каруана ва Йорден ван Форест ўртасидаги учрашувлар ҳам дуранг натижаси билан тугади.

Иккинчи турда Синдаров оқ фигуралар билан ҳиндистонлик гроссмейстер Рамешбабу Прагнанандхага қарши ўйнайди. Номзодлар турнирида ўзбекистонлик шахматчи Прагнанандхани икки марта мағлуб этган — биринчи даврада оқ фигуралар билан, иккинчи даврада эса қора фигуралар билан.

Фото: Lennart Ootes / GCTФото: Lennart Ootes / GCT

Очилиш маросимида жаҳон чемпионлигига даъвогар Жавоҳир Синдаров собиқ жаҳон чемпиони Гарри Каспаров билан учрашди.

Турнир ҳақида

Grand Chess Tour — бу алоҳида бир мусобақа эмас, балки турнирлар сериясидир. Полшадаги босқич, Руминиядаги турнир ҳамда Хорватия ва АҚШдаги кейинги босқичлар GCT-2026 умумий мавсуми таркибига киради. Ҳар бир турнирнинг ўз ғолиби, алоҳида жадвали ва мукофот жамғармаси бор, бироқ натижалар турнинг умумий ҳисобига ҳам қўшиб борилади: шахматчилар босқичларда эгаллаган ўринлари учун тур очколарини оладилар. Бешта босқич якунига кўра, умумий ҳисобдаги энг яхши ўйинчилар Grand Chess Tour финалига йўлланма олади.

Super Chess Classic Romania турнири 14 майдан 24 майгача Бухарест шаҳрида бўлиб ўтади ва Grand Chess Tour доирасидаги иккита классик турнирнинг биринчиси ҳисобланади. Мусобақа формати — 10 нафар шахматчи иштирокидаги давра тизимидаги турнир: ҳар бир иштирокчи қолганлар билан биттадан партия ўйнайди. Жами тўққизта тур режалаштирилган бўлиб, ҳар куни битта тур ўтказилади. Партиялар классик вақт назорати билан ўйналади: дастлабки 40 та юриш учун 90 дақиқа, сўнгра партия охиригача 30 дақиқа ва биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юришга 30 сониядан вақт қўшиб берилади.

Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 475 минг долларни ташкил этади. Шундан 350 минг доллари якуний ўринлар бўйича тақсимланади, яна 125 минг доллари эса партиялардаги ғалабалар учун бонус сифатида кўзда тутилган. Шунингдек, Grand Chess Tour тўлиқ цикли иштирокчилари Цент-Луисдаги серия финалига саралашда инобатга олинадиган очколарни ҳам қўлга киритадилар.

grand chess tour, super chess classic romania, жавохир синдаров, шахмат

Турнирда Фабиано Каруана, Винсент Каймер, Алиризо Фирузжа, Аниш Гири, Уэсли Со, Рамешбабу Праггнанандха, Максим Ваше-Лаграв, Жавоҳир Синдаров, Богдан-Даниэл Дяк ҳамда Левон Аронян ўрнига иштирок этаётган Ёрден ван Форест қатнашмоқда.

Жавоҳир Синдаров Grand Chess Тоурнинг аввалги — Superbet Rapid & Blitz Poland босқичида рапид ва блитс йўналишларида дона сурган эди. Руминиядаги мусобақа у учун Номзодлар турниридан сўнг классик назоратга қайтиш бўлди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *