Ўзбекистонда ёнилғи қуйиш шохобчалари, марказий парклар, туризм масканларига яқин ҳудудларда жами 11 мингга яқин ҳожатхона мавжуд. Уларнинг 4 мингтаси янги ташкил этилган, қолгани реконструкция қилинган ёки қайта жиҳозланган. Бу ҳақда 15 май куни ўтказилган матбуот анжумани Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Аққулов йўл бўйидаги заправкаларда қурилган ҳожатхоналарнинг аҳволи ҳақида гапираркан, АЁҚШ раҳбариятлари бундан даромад кўрмаслиги ва шу сабабли уларнинг муносабати яхши эмаслигини айтди.

«Битта нарсани билишимиз керакки, ёнилғи қуйиш шохобчасининг асосий даромад манбаи бошқа йўналишда. Агар улар ҳожатхоналар орқали даромад топганида, уни обод қилиб қўярди. Заправкалардаги ҳожатхоналар қайсидир маънода ҳукуматимиз топшириқлари асосида қўшимча мажбурият сифатида жорий этилган», — дейди у.

Қўмита раиси ушбу масалани ҳал қилишда жамоатчилик назорати муҳимлигини таъкидлади.

«Ҳақиқатан ҳам, йўл ёқасида қурилган ҳожатхоналарда таъбни хира қиладиган ҳолатлар бор. Кўп ҳолларда ўзим ҳам шунга гувоҳ бўламан. Бундай ҳолатларни биргаликда назорат қилишимиз керак. Биламан, бу бўйича санитария тизимларига жавоб берадиган алоҳида ташкилотлар ҳамда республика ишчи гуруҳлари бор. Улар ҳожатхоналарни бориб кўрганида, ҳамма нарса чиройли бўлади. Балки ўша пайтга тайёргарлик кўришар ёки бошқа, бунинг аниғини билмайман. Лекин ўз кўзим билан кўрганимда, юқоридаги айтганимдек, таъбни хира қилувчи ҳолатлар юзага келади. Бунга фақатгина жамоатчилик билан бирга курашилмаса, натижага эришиш қийинроқ бўлади», — дея тушунтирди Абдулазиз Аққулов.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда собиқ Туризм ва маданий мерос вазирлиги 2022−2023 йилларда Ўзбекистондаги барча сайёҳлик объектлари, аэропортлар, вокзаллар ва автостанцияларда «санитария инқилоби»ни амалга ошириш, уларни замонавий ҳожатхоналар билан таъминлаш режалаштирилганини маълум қилганди.