• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«507 та автобусда кондиционер йўқ, заводдан шундай чиқарилган» — «Тошшаҳартрансхизмат»


Тошкентдаги 250 та автобус кондиционерларида турли носозликлар аниқланиб, 150 таси бартараф этилди. Қолган 100 тасидаги кондиционерларни таъмирлаш жараёни кетмоқда. Бу ҳақда 14 май куни «Тошшаҳартрансхизмат»да ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

«Тошшаҳартрансхизмат» бош муҳандиси Дилшоджон Маҳмудовга кўра, ҳозирда мавжуд 1987 та автобуснинг 1480 таси кондиционер билан жиҳозланган. Қолган 507 таси заводдан кондиционерсиз ишлаб чиқарилган.

«Кондиционери бор 1480 та автобуснинг ҳар бирини хатловдан ўтказганимизда 250 тасининг кондиционерида турли носозликлар аниқланди. Хусусан, фреон камайгани, компрессорни айлантирадиган тасманинг узилгани, моторнинг ўрам симлари, подшипниклар билан боғлиқ муаммолар борлиги маълум бўлди. 150 та кондиционердаги масалалар ҳал қилиниб, ишга туширилди. Айни пайтда қолган 100 та кондицонерни таъмирлаш бўйича жараён кетяпти. Аслида уларни ҳам ишлатиш мумкин, лекин етарли даражада совита олмайди», — дейди Маҳмудов.

Компания бошқаруви раиси Азиз Хужанов 2023 йилдан аввал ишлаб чиқарилган ва ҳозирда йўловчилар учун фойдаланилаётган Mercedes, Isuzu автобусларида совитиш тизими йўқлигини таъкидлади.

«Жамоат транспорти ичида турли ҳолат ва характердаги йўловчилар бўлади. Қайсидир бири ҳайдовчидан кондиционерни ёқиб қўйишни талаб қилса, айримлар „Ўчириб қўйинг, мен узоқ юраман ёки ёшим катта, совуқда мазам бўлмайди“ деган фикрларни билдиради. Шу боис автобусларда ҳароратни мўътадил ушлаб туришга ҳаракат қиламиз. Яқинда ёз мавсуми бошланса, бу масала кўп кўтарилиши мумкин», — дея қўшимча қилди Хужанов.

2026 йилда Тошкент автобусларида кондиционерлар 7 майдан ёқила бошланди. Компания кондиционерлари носоз бўлган автобуслар йўналишларга чиқарилмаслигига ишонтирганди. Юзага келадиган носозликларни тезкорлик билан бартараф этишга ваъда берилди. Ҳайдовчилар билан совитиш тизимларидан тўғри фойдаланиш бўйича навбатдан ташқари йўриқномалар ўтказиш режалаштирилган.

«Тошшаҳартрансхизмат» йўловчиларнинг ҳар бир мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилишини маълум қилди ва вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўради.

Таъкидлаш жоизки, 2018 йилгача пойтахт автобусларида кондиционерлар бўлмаган. Ҳозирда барча янги машиналар совитиш тизимлари билан жиҳозланган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *