• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Жавоҳир Синдаров классик шахматда тўққиз ой ичида илк бор мағлубиятга учради


Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров Бухарестда ўтаётган Super Chess Classic Romania 2026 турнирининг иккинчи турида ҳиндистонлик шахматчи Рамешбабу Прагнанандҳага имкониятни бой берди.

Бу Синдаровнинг ўтган йилнинг сентябрь ойи бошидан буён классик шахматдаги илк мағлубиятидир. Бунгача ўзбекистонлик гроссмейстер классик назоратда кетма-кет 53 та партияда, жумладан, Grand Swiss, Бундеслига, ФИДЕ Жаҳон кубоги, Tata Steel Chess Masters, Номзодлар турнири ва Бухарестдаги старт учрашувида мағлуб бўлмаган эди.

Синдаров ва Прагнанандҳа партияси иккинчи турнинг марказий учрашувига айланди. Ҳар икки шахматчи ҳам турнирнинг энг ёш иштирокчилари ҳисобланади — улар 20 ёшда. Ҳиндистонлик гроссмейстер қора доналарда ўйнади ва мураккаб тактик курашда Ўзбекистон вакилидан устун келишга муваффақ бўлди.

Бу йилгача шахсий учрашувларда Прагнанандҳа Синдаров устидан устунликка эга эди: у Жавоҳирни ўсмирлар ўртасидаги турнирларда, 2022 йилги Ченнаи Олимпиадасида ва 2025 йил июнь ойидаги UzChess Masters турнирида мағлуб этганди. Аммо 2026 йилги Номзодлар турнирида Синдаров ҳиндистонлик шахматчини оқ ва қора доналарда икки бор мағлуб этишга муваффақ бўлди.

Партиядан сўнг Прагнанандҳа Синдаровнинг «ҳайратланарли даражада кучли спорт формасида» эканини таъкидлади. Ғалабани шарҳлар экан, у: «Уни ҳозирги вақтда мағлуб этиш — жуда яхши натижа», — деди.

Партия давомида Синдоров камёб давомий йўлни танлади, бироқ Прагнанандҳа бундай ўйинга яхши тайёргарлик кўрган бўлиб чиқди. Ҳиндистонлик гроссмейстер аниқ жавобларни тез фурсатда топди, шундан сўнг Ўзбекистон вакили фикрлаш учун кўп вақт сарфлади ва хатога йўл қўйди.

Кейинчалик Синдаров отни қурбон қилиб, курашни сақлаб қолиш учун ягона имкониятни топишга муваффақ бўлди. Рақибида ортиқча фигура бўлишига қарамай, унда позицияни деярли бутунлай тенглаштириш имконияти бор эди. Аммо ҳал қилувчи паллада у яна хатога йўл қўйди, шундан сўнг Прагнанандҳа ўйинни соддалаштириш ва партияни ғалабагача етказиш имконига эга бўлди.

Иккинчи турда, шунингдек, Максим Вашье-Лаграв ва Винсент Каймер ҳам ғалаба қозонди. Франциялик гроссмейстерлар баҳсида Вашье-Лаграв қора доналарда Алиреза Фирузджани мағлуб этди, Каймер эса руминиялик Богдан-Даниел Дякдан устун келди. Фабиано Каруана — Аниш Гири ва Йорден ван Форест — Уэсли Со партиялари эса дуранг билан якунланди.

жавоҳир синдаров, super chess classic romania, шахмат, рамешбабу прагнанандҳа

Икки турдан сўнг Прагнанандҳа, Вашье-Лаграв ва Каймер (1,5 очкодан) пешқадамлик қилмоқда. Учинчи турда Синдаров Максим Вашье-Лагравга қарши дона суради. Учинчи тур партиялари 16 май куни бўлиб ўтади.

Grand Chess Tour битта алоҳида мусобақа эмас, балки турнирлар сериясидир. Польшадаги босқич, Руминиядаги турнир ва ундан кейинги Хорватия ҳамда АҚШдаги босқичлар GCT-2026 умумий мавсумига киради. Ҳар бир турнирнинг алоҳида ғолиби, алоҳида жадвали ва соврин жамғармаси мавжуд, бироқ натижалар турнинг умумий ҳисобига ҳам ёзиб борилади: босқичларда эгаллаган ўринлари учун шахматчиларга тур очколари берилади. Бешта босқич якунларига кўра, умумий ҳисобда энг яхши натижа кўрсатган ўйинчилар Grand Chess Tour финалига йўл олади.

Super Chess Classic Romania 14−24 май кунлари Бухарестда бўлиб ўтмоқда ва у Grand Chess Tour доирасидаги иккита классик турнирнинг биринчисидир. Мусобақа формати — 10 нафар шахматчи иштирокидаги айланма тизим бўлиб, унда ҳар бир иштирокчи бир-бири билан биттадан партия ўйнайди. Жами тўққизта тур режалаштирилган, кунига биттадан тур ўтказилади. Партиялар классик вақт назоратида ўтади — дастлабки 40 та юриш учун 90 дақиқа, сўнгра биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сониядан қўшиб берилган ҳолда партия охиригача 30 дақиқа ажратилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *