Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» таркибида Англия Кубоги соҳибига айланди. Турнир финалида Пеп Гвардиола шогирдлари «Челси»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

Ҳусанов бошланғич таркибда майдонга тушди ва учрашувни тўлиқ ўтказди. Ўзбекистонлик футболчи ҳимояда ишончли ҳаракат қилиб, бир нечта муҳим яккакурашларда ғолиб чиқди ва «Манчестер Сити»га ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишда ёрдам берди. Учрашувнинг 56-дақиқасида у «Челси» ҳимоячиси Марк Кукурельяга қарши қўполлик ишлатгани учун сариқ карточка олди.
Ҳусанов ҳимоя марказида шериги Марк Геҳи билан бирга ҳаракат қилди.
Учрашувдаги ягона гол 71-дақиқада киритилди. Эрлинг Ҳоланднинг ўнг қанотдан узатган тўпидан сўнг Антуан Семеньо тўпни «Челси» дарвозасига йўллади.
Ўтказиб юборилган голдан кейин Лондон жамоаси босимни оширишга ҳаракат қилди ва тўпни «Манчестер Сити» жарима майдончасига тез-тез етказиб турди, бироқ «шаҳарликлар» ҳимояси ва дарвозабон Жеймс Траффорд рақибга ҳисобни тенглаштиришга йўл қўймади.
«Манчестер Сити» учун бу 2023 йилдан буён қўлга киритилган илк Англия Кубогидир. Бундан олдинги икки мавсум финалида Гвардиола шогирдлари имкониятни бой берганди — 2024 йилда «Манчестер Юнайтед»га ва 2025 йилда «Кристал Пэлас»га.
Абдуқодир Ҳусанов Англия Кубогини ютган илк ўзбекистонлик футболчига айланди. Аввалроқ — 2026 йилнинг март ойида у «Манчестер Сити» билан бирга финалда «Арсенал»ни мағлуб этиб, Англия Лига Кубогини ҳам қўлга киритганди.
Эслатиб ўтамиз, 22 ёшли футболчи 2025 йилнинг январь ойида Франциянинг «Ланс» клубидан «Сити»га кўчиб ўтган.
Видео
