• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Турнирга етарлича жиддий ёндашмадим, бу катта хато бўлди». Жавоҳир Синдаров — Бухарестдаги мусобақада мағлуб бўлгани ҳақида


Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров Бухарестда ўтаётган Super Chess Classic Romania турнирининг иккинчи турида ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳадан учраган мағлубиятига изоҳ берди. Бу мағлубият у учун ўтган йилнинг сентябрь ойидан буён классик шахматдаги биринчиси бўлди.

Бунгача ўзбекистонлик гроссмейстер классик назоратда кетма-кет 53 та партияда, жумладан, Grand Swiss, Бундеслига, ФИДЕ Жаҳон кубоги, Tata Steel Chess Masters, Номзодлар турнири ва Бухарестдаги старт учрашувида мағлуб бўлмаганди.

«Менимча, кеча мен нотўғри вариантни танладим. Биласизми, бу йўналиш Праггдан ташқари исталган бошқа рақибга қарши иш бериши мумкин эди, чунки у буни ҳақиқатан ҳам яхши билар экан», — деди шахматчи Saint Louis Chess Club’га берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, секундантлардан бири унга трансляция вақтида шарҳловчининг «Прагнанандҳанинг тайёргарлигида бу таҳлил, эҳтимол, бор» деб айтганини етказган.

«Агар у бу вариантни билса, демак, оқларда катта муаммолар бор эди. Шунинг учун бу жиддий хато бўлди. Менимча, дебютдан кейин ҳам қандайдир тарзда ёпишиб, жон сақлашга ҳаракат қилдим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, шунчаки доска қаршисида юришларни топиш учун жуда кўп энергия сарфлаб юбордим. Хато катта, лекин ҳечқиси йўқ, буни унутишга ҳаракат қиляпман. Бугун ўзимни руҳан тушириб юбормасликка ва шунчаки ишончли ўйин кўрсатишга созлаган эдим», — деб таъкидлади Синдаров.

16 май куни у учинчи турда Максим Вашье-Лаграв билан тезкор дуранг қайд этди. Шахматчининг сўзларига кўра, у французга қарши шахсий учрашувлардаги омадсиз статистикасини ҳисобга олган ҳолда, ишончли партия ўтказишни хоҳлаган.

«Аслида Максимга қарши статистикам доим ёмон бўлган. Биз рапид ва блицда кўп ўйнаганмиз ва у мени мунтазам равишда мағлуб этган. Шу боис бугун шунчаки ишончли ўйин кўрсатмоқчи эдим. Агар у қаттиқ босим ўтказишни бошлаганида, мен ҳам, албатта, ўз имкониятларимни қидириб кўрардим. Аммо якунда итальянча партиянинг стандарт позициялари доирасида мутлақо тенг ўйин гувоҳи бўлдик», — деди Синдаров.

У дебютдан кейинги позиция деярли тенг бўлганини ва бу томонларга ҳар қандай эвазига ғалаба учун ўйнашга жиддий асос бермаганини таъкидлади.

«Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам оқ доналарда бундай позицияларни кўп ўйнаганман ва у ерда қораларнинг ишлари жойида эканини биламан… Позиция бутунлай тенг», — деди у.

«Бу позицияда ғалаба қозониш ҳар икки томон учун ҳам қийин ва ғалаба учун ўйнашга уринишдан жиддий маъно йўқ. Умуман олганда, бугун ё испанча партия, ёки шунга ўхшаш бирор нарса бўлади деб ўйлагандим, лекин у «итальянка»ни танлади, бу мени бироз ажаблантирди», — дея қўшимча қилди гроссмейстер.

Синдаров, шунингдек, Номзодлар турниридаги ғалабадан сўнг, куч йиғиб олиш учун унга кўпроқ вақт керак бўлган бўлиши мумкинлигини тан олди.

«Эҳтимол, муаммо шундаки, мен бу турнирга етарлича жиддий ёндашмадим. Ўйлайманки, бу менинг катта хатом, чунки Номзодлар турниридан кейин менга, эҳтимол, дам олиш учун бироз кўпроқ вақт керак эди. Мен эса иштирокчилари таркиби ақл бовар қилмайдиган даражада кучли бўлган турнирларга тўғридан тўғри қўшилиб кетдим», — деди у.

Шахматчининг сўзларига кўра, Super Chess Classic Romania турнирига енгил мусобақа сифатида қараб бўлмайди.

«Бу ерда ҳамма жуда яхши тайёргарлик кўрган ва ўйнаш ҳақиқатан ҳам қийин. Биринчи партияданоқ тушундимки, Прагг ушбу турнирни жуда кучли ўтказади. Унинг аъло спорт формасида экани сезилиб турибди — бугун ҳам дебютдан чиққанидан кейин соатида жуда кўп вақт қолди», — деб таъкидлади Синдаров.

У ушбу турнирдаги иштирокини яхши дарс деб атади.

«Эҳтимол, ҳа, менинг асосий хатом — турнирга тўлиқ жиддийлик билан ёндашмаганимда. Лекин нима ҳам қила олардим? Номзодлар турнирида жуда кўп куч йўқотилди ва, эҳтимол, менга ҳақиқатан ҳам бироз дам олиш керак эди. Аммо ҳечқиси йўқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам бу яхши дарс. Мураббий айтган нарсани қилишга ҳаракат қиламан: вазмин ўйин кўрсатиш ва ҳар бир партияда ҳаддан ташқари қаттиқ босим ўтказишга уринмаслик», — деди Жавоҳир Синдаров.

Тўртинчи турда Синдаров оқ доналарда Аниш Гирига қарши дона суради.

Grand Chess Tour битта алоҳида мусобақа эмас, балки турнирлар сериясидир. Польшадаги босқич, Руминиядаги турнир ва ундан кейинги Хорватия ҳамда АҚШдаги босқичлар GCT-2026 умумий мавсумига киради. Ҳар бир турнирнинг алоҳида ғолиби, алоҳида жадвали ва соврин жамғармаси мавжуд, бироқ натижалар турнинг умумий ҳисобига ҳам ёзиб борилади: босқичларда эгаллаган ўринлари учун шахматчиларга тур очколари берилади. Бешта босқич якунларига кўра, умумий ҳисобда энг яхши натижа кўрсатган ўйинчилар Grand Chess Tour финалига йўл олади.

Super Chess Classic Romania 14−24 май кунлари Бухарестда бўлиб ўтмоқда ва у Grand Chess Tour доирасидаги иккита классик турнирнинг биринчисидир. Мусобақа формати — 10 нафар шахматчи иштирокидаги айланма тизим бўлиб, унда ҳар бир иштирокчи бир-бири билан биттадан партия ўйнайди. Жами тўққизта тур режалаштирилган, кунига биттадан тур ўтказилади. Партиялар классик вақт назоратида ўтади — дастлабки 40 та юриш учун 90 дақиқа, сўнгра биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сониядан қўшиб берилган ҳолда партия охиригача 30 дақиқа ажратилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *