Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам равишда бузиб, 900 дан ортиқ қоидабузарлик содир қилган Matiz ҳайдовчиси аниқланди, дея хабар бермоқда Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳри бошқармаси.
Маълум бўлишича, Matiz ҳайдовчиси 2024 йил апрель ойидан буён йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда ва мунтазам бузиб келган. Оқибатда унга жами 912 та маъмурий жарима расмийлаштирилиб, 311 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик юзага келган.
Ҳайдовчи йўлларда ҳаракатланар экан, қоидаларни писанд қилмасликни одатга айлантирган, бироқ қилинган ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жарималарни тўлашга шошилмаган, дейилади хабарда.
Қарздорлик йиллар давомида йиғилиб борган ва автомашина қидирувга берилган.
Олиб борилган тезкор қидирув ва мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида ушбу автомашина топилиб, 15 май куни жарима майдонига жойлаштирилган.
