Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, улардан йирик миқдорда пул талаб қилган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Жиззах вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Қ.З. ашёвий далиллар билан қўлга олинган. У фуқарони гўёки Миграция агентлигида юқори лавозимларда ишловчи танишлари борлигига ишонтирган.

Қ.З. 8000 доллар эвазига Кореяга ишчи визасини расмийлаштириб бериш ва у ерда ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, олдиндан 3000 минг долларини олаётган вақтида ушланган.

Қашқадарё вилоятида фуқаро Х.С. икки фуқарони Кореяга юбориш ва ишчи визасини расмийлаштириб бериш эвазига 165 млн сўм талаб қилгани маълум бўлди.

У ушбу пуллар ҳисобидан 7000 долларини ашёвий далил сифатида олаётган вақтида қўлга тушган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Миграция агентлиги ва бандлик агентликларининг собиқ мутасаддиларидан иборат уюшган гуруҳни аниқланганди. Хусусан, бир ҳолатда гумонланувчилар Кореяга ишга юбориш эвазига ноқонуний 90 млн доллар пул олган. Ҳозирда 800 дан ортиқ жабрланувчи мурожаати ўрганилмоқда.

Шу хабарлар фонида Миграция агентлигининг собиқ бўлим бошлиғи Азизбек Тоштемиров Ўзбекистон томонидан Интерпол орқали қидирувга берилгани маълум бўлди. Унинг исми «қизил билдиришномалар» рўйхатида пайдо бўлди. Қидирув карточкасида кўрсатилишича, Тоштемиров фирибгарликда айбланмоқда.