Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси сўнгги тўрт йилда 35 фоиздан ортди. Пойтахт автобусларида ҳар куни қарийб 1,5 миллион йўловчи ташилмоқда. Бу ҳақда 14 май куни «Тошшаҳартрансхизмат»да ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
«Кунига 1,5 млн йўловчи ташилади»
«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси бошқаруви раиси Азиз Хужановнинг айтишича, ҳозирда компания тасарруфида жами 1987 та автобус мавжуд. Уларнинг 1021 таси газ, 440 таси дизель ёнилғиси билан ҳаракатланади, 526 таси электробус ҳисобланади. Автобус саройи 8 тани ташкил этади, ҳайдовчилар эса 3830 нафардан иборат.
«2026 йил январь-март ойларида кунлик ишга чиқарилган автобуслар сони 1662 тани ташкил қилди. Кунлик қатновлар 23 840 тага етказилди. Биринчи чорак якунига кўра, брутто-шартнома асосида фаолият юритган 166 та йўналишда кунига 1 миллион 430 минг йўловчи ташилди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 106 фоизга кўп», — дейди у.
Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Муроджон Икромовнинг маълум қилишича, 2025 йил давомида жами 412,4 млн нафар йўловчи ташилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 85,7 миллион нафарга ёки 26,2 фоизга кўп.
«Автобус ташувларидан олинган тушум ҳам ошиб, 644,6 млрд сўмни ташкил этган. Бу 2025 йилга нисбатан 90,2 млрд сўмга, яъни 16,2 фоизга ўсганини англатади. Пойтахтда брутто-шартнома тизимига ўтилганидан кейин ҳақиқатдан ҳам энг тўғри рақамларни кўряпмиз. Авваллари режа, деган нарса бор эди ва тизим шаффос эмасди, буни тан олиш керак. 2025 йил 1 январдан эса тушумларимизни очиқ-ойдин биляпмиз», — дейди Икромов.
Хужанов жорий йил якунига қадар 200 та янги электробус харид қилинишини таъкидлади.
«Бу орқали кунлик ишга чиқариладиган автобуслар сонини 1778 тага, қатновларни 25 122 тага кўпайтириш, йўналишларнинг умумий масофасини 3101 километргача ошириш ниятимиз бор. Кунлик йўловчи ташиш қувватини 1,5 миллионга, йиллик ташиш ҳажмини 415 миллион нафарга етказмоқчимиз», — дея қўшимча қилди компания раҳбари.
«Хусусий сектор ривожлантирилади»
Муроджон Икромов пойтахтда автобус танқислиги борлигини тан оларкан, жамоат транспортини ривожлантириш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинаётганини айтди.
«Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан метрополитен тизимини ҳам кучайтириш бўйича топшириқлар берилди. Ҳозирда метрода кунига 1 млн атрофида йўловчи ташиляпти. Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси 2022 йилда 18 фоизни ташкил этган бўлса, 2026 йилга келиб ушбу кўрсаткич 35 фоиздан ортди», — дейди у.
Икромовнинг таъкидлашича, автобус тизимида хусусий сектор ривожланганидан кейин рақобат пайдо бўлади. Бу эса сифат ошишига таъсир кўрсатади.

Муроджон Икромов.
«Айни пайтда йўналишларимиз сони 170 та бўлиб, 166 таси „Тошшаҳартрансхизмат“ томонидан амалга оширилади, 3 та йўналиш: 76, 177 ва 197-автобуслар эса тадбиркорларга берилган. Биз нафақат „Тошшаҳартрансхизмат“, балки хусусий секторни ҳам ривожлантириб, уни бизнес даражасига олиб чиқмоқчимиз. Хусусий секторни жалб қилган ҳолда 40 та автобус олиб келиш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Шу тариқа йўналишлар сонини яна 16 тага кўпайтирамиз», — дея тушунтирди бошқарма бошлиғи.
«42 та охирги бекат ҳокимият балансига ўтказилади»
Муроджон Икромов автобус бекатлари масаласи ҳақида гапираркан, бу борада қилинаётган ишлар ва режаларга тўхталди.
«Пойтахтга 1200 та автобус олиб келганимиздан кейин инфратузилмавий муаммолар яққол кўринди. Уларнинг аксарияти катта сиғимли автобуслар бўлиб, 200 таси 18 метрли автобусни ташкил этади. Бизнинг бекатларимиз эса бир пайтлар 7,5 метрли автобусларга мўлжаллаб қурилганди. Шу мақсадда ҳозирги кунда бекатларни реконструкция қилиш ишлари амалга ошириляпти», — дейди у.
Унинг айтишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тирбандликнинг олдини олиш бўйича ҳам чет эллик мутахассислар иштирокида бир қатор комплекс ечимлар ишлаб чиқилмоқда.

«Биринчи босқичда 80 километрдан иборат 12 та кўчани тубдан ўзгартириш ҳамда жамоат транспортига устуворлик бериш масаласини ҳал қилмоқчимиз. Бу кўчаларда 317 та бекатимиз мавжуд ва уларнинг 120 таси хусусий тадбиркорларга берилган. Уларни бошқа жойга кўчириш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Бундан ташқари, ҳозирги кунда 200 га яқин автобус бекатларимиз қайта реконструкция қилиняпти. Буларнинг ҳаммаси жамоат транспортини оддий транспортдан устувор бўлишини кўзлаган ҳолда бажариляпти», — дея тушунтирди Икромов.
«Автобуслар сони ва уларнинг сиғими ортганидан кейин охирги бекатларга ҳам босим кучаяди. Мавжуд 42 та охирги бекатларимизни Тошкент шаҳар ҳокимияти балансига ўтказиш ҳамда намунавий типда қайта реконструкция қилиб, уларда ҳайдовчилар учун шароитларни яхшилаш бўйича топшириқ берилган», — дейди у.
«Автобусларни ювиш шохобчалари аутсорсингга берилади»
Азиз Хужанов келгуси режаларга тўхталаркан, 5-автобус саройидаги автобусларни ювиш шохобчаларини аутсорсингга бериш масаласи кўриб чиқилаётганини қайд этди.
«Йўловчилар томонидан автобус салонларининг яхши тозаланмагани, чанг экани ҳақида кўплаб ҳақли эътирозлар билдирилади. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда харажатларимизни мақбуллаштириш мақсадида 5-автобус саройидаги ювиш шохобчаларини аутсорсингга беришни режалаштиряпмиз», — дейди у.

Азиз Хужанов.
Унинг қўшимча қилишича, ишчиларнинг шароитларини яхшилаш мақсадида 4-автобус саройида нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехини ижарага бериш ҳам кўзда тутилмоқда.
«Бу нима беради? Эрталаб соат
«Олдимизда қўйган асосий мақсадларимиздан бири — аҳолига замонавий, хавфсиз, экологик тоза ва барқарор жамоат транспорти тизимини шакллантиришдир. Бу йўлда барча имконият ва кучимизни сафарбар этамиз. Шунингдек, жамоатчилик назорати ҳам муҳим роль ўйнайди», — дейди «Тошшаҳартрансхизмат» бошқаруви раиси.
«Жарима балл йиққан ҳайдовчи йўқ»
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ Бошқарув раисининг рақамлаштириш ва суъний интеллект жорий этиш бўйича маслаҳатчиси Шоҳруз Ходжиев автобус ҳайдовчиларига нисбатан жарима балл ёзилаётганига оида саволга изоҳ берди.
«Қонунчиликка мувофиқ, жарима балл автотранспорт воситасини бевосита бошқарган одамга нисбатан ёзилади. Қонун ҳамма учун тенг, ҳайдовчи қоидабузарлик қилдими, у жаримага тортилиши керак. Бизда автобус ҳайдовчилари фаолияти 16 хил турдаги қоидабузарликлар бўйича мониторинг қилиб борилади. Унинг 7 таси йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ. Жорий йилнинг январь-март ойларида 16 турдаги қоидабузарлик бўйича 251 та ҳолат кузатилди. ЙҲХга оид 7 та қоидабузарлик бўйича эса 35 та ҳолат қайд этилган. Ҳайдовчилар орасида жарима балл йиққанлар ҳали йўқ», — дейди у.
Аввалроқ, «Тошшаҳартрансхизмат» тизимидаги 1987 та автобуснинг 1480 таси кондиционер билан жиҳозлангани. 2023 йилдан олдин ишлаб чиқарилган 507 та автобусда эса совитиш тизими йўқлиги айтилганди. Компания бош муҳандисининг айтишича, 250 та автобус кондиционерида турли носозликлар аниқланиб, 150 таси бартараф этилди.
