15 май куни Япония Иммиграция хизматлари агентлиги мамлакатда ноқонуний равишда яшаб келаётган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини республикадан чиқариб юборди, дея хабар бермоқда Токиодаги элчихона.

Ҳар икки фуқаро Японияга «талаба» визаси билан борган. Бироқ виза муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатни тарк этмай, ноқонуний яшаб келган ва ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган.

Консулликнинг эслатиб ўтишича, «талаба» визаси пул топиш (меҳнат фаолияти) учун эмас, балки фақатгина ўқиш учун берилади. Агар мамлакатда ноқонуний яшаш ёки рухсатсиз меҳнат қилиш ҳолатлари аниқланса, полиция томонидан ушлаб туриш, иммиграция муассасаларида қамоққа олиш ёки депортация қилиш каби қатъий чоралар кўрилади.

«Японияда қочқин мақомини олиш учун мурожаат қилинса, „узоқ муддат қолиш мумкин“ ёки „ишлаш мумкин“ деган нотўғри маълумот тарқалган. Шу каби мақсадлар билан қочқин мақомини олиш учун ариза беришга рухсат этилмайди», — дея қайд этди Ўзбекистон элчихонаси.

Агар қочқин мақоми рад этилса, иммиграция муассасасига жойлаштириш ёки депортация қилиш каби чоралар қўлланади. Бундан ташқари, сохта маълумот бериш ёки ноқонуний усуллар билан қочқин мақомини олиш учун мурожаат қилиш жиддий ҳуқуқий чораларни келтириб чиқариши мумкин.

Бундан беш кун олдин қисқа муддатли бизнес визаси билан келиб, мамлакатда ноқонуний қолиб кетган яна бир Ўзбекистон фуқароси ушбу давлатдан депортация қилинганди. Апрель охирида ҳам икки ўзбекистонлик ватанига қайтариб юборилган.