АҚШнинг OpenAI сунъий интеллект компанияси Мальта ҳукумати билан шартнома имзолаганини маълум қилди. Унга кўра, мамлакатнинг барча аҳолиси сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича махсус курсни тамомлаганидан сўнг бир йил давомида ChatGPT Plus сервисидан бепул фойдаланиш имконига эга бўлади.
Дастур май ойида бошланади ва Мальта аҳолиси бепул курсни тугатиши билан кенгайиб бориши кутилмоқда. Шунингдек, ушбу имконият хорижда яшаётган Мальта фуқаролари учун ҳам мавжуд бўлади.
«OpenAI компаниясида биз интеллектни глобал воситага айлантирмоқдамиз. Ишончимиз комилки, худди электр энергияси каби, интеллект ҳам одамлар, корхоналар ва муассасалар учун қаерда ва қачон керак бўлса, керакли ҳажмда мавжуд бўлиши лозим. Бу қараш фақатгина одамлар ушбу воситалардан ўз ҳаётлари ва жамиятларини яхшилайдиган тарзда ҳақиқатда олсагина аҳамиятга эга бўлади», — дейилади компания баёнотида.
Мальтанинг «AI for All» (Ҳамма учун сунъий интеллект) ташаббуси Мальта университети томонидан ишлаб чиқилган курс орқали турли қатлам вакилларига сунъий интеллектдан фойдаланишни ўрганиш имкониятини тақдим этади.
Курс одамларга сунъий интеллект нима эканини, у нималарга қодир ва нималарни қила олмаслигини, шунингдек, ундан уйда ва ишда қандай қилиб масъулият билан фойдаланишни тушунишга ёрдам бериш учун мўлжалланган.
«Биз нотаниш бўлган тушунчани оилаларимиз, талабаларимиз ва ишчиларимиз учун амалий ёрдамчига айлантирмоқдамиз. Биз фуқароларимизнинг рақамли асрда орқада қолиб кетишига йўл қўймаймиз», — деди Мальта иқтисодиёт вазири Сильвио Шембри.
Мальта бундай дастурни йўлга қўйган дунёдаги биринчи давлат бўлди. Компания келишувнинг молиявий тафсилотларини ошкор қилмади.
Мальта аҳолиси, БМТ маълумотларига асосланган Worldometer ҳисоб-китобларига кўра, 550 мингдан зиёд кишини ташкил этмоқда (баъзи манбаларга кўра, 574 мингдан ортиқ). Мамлакатда аҳолининг ўртача ёши 41,5 ёшга тенг.
OpenAI ҳозирда миллий таълим тизимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Эстония ва Греция каби давлатлар ҳукуматлари билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда.