Афғонистондан Ўзбекистонга қарийб 600 кг гиёҳвандлик моддаси — 593 кг гашиш ва 3 кг опий олиб киришга бўлган уриниш бартараф этилди. Мазкур амалиёт Давлат хавфсизлик хизматининг тезкор бўлинмалари ва Чегара қўшинлари ҳамда Божхона қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилди.

ДХХ матбуот хизмати хабарига кўра, хавфли юк Сурхондарё вилоятидаги «Термез-авто» чегара божхона постида Афғонистон фуқароси бошқарувидаги тиркамали юк машинаси сканердан ўтказилаётган вақтда аниқланган.

гиёҳванд моддалар, дхх

Тиркамада экскаватор бўлган ва унинг кўтариш қисмида шубҳали нарсалар борлиги пайқалган. Шундан сўнг экскаватор туйнуклари эндоскоп ёрдамида кўздан кечирилганда, у ердан гиёҳвандлик моддалари топилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) ва 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

гиёҳванд моддалар, дхх

Айни пайтда махсус хизматлар ушбу наркотик моддалар эгаларини қўлга олиш чораларини кўрмоқда.