Тошкентдаги автобусларга фақат олди эшикдан чиқиш амалиётини йўловчилар тўлиқ қабул қилмади, шу сабабли 2023 йилдаги уринишлар вақтинча тўхтатиб қўйилди. Бу ҳақда 14 май куни «Тошшаҳартрансхизмат»да ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Тошкент шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромов пойтахт автобусларига нега олди эшикдан чиқиб, ўрта ва орқа эшиклардан тушиш амалиёти қатъий жорий этилмаётгани бўйича изоҳ берди.
«Биламизки, бир қатор ривожланган давлатларда фақат олди эшикдан чиқиш амалиёти мавжуд. Биз ҳам бу тажрибани 2023 йилда йўлга қўйган эдик. Аммо йўловчилар буни тўлиқ қабул қилмади ва улар тайёр эмаслигини билдик. Шу сабабли айни пайтда бу амалиётни тўхтатиб турибмиз. Лекин кўплаб автобусларнинг олди эшикларига яшил, орқа эшикларига қизил рангли стикерларни ёпиштирганмиз», — дейди у.
Миракбар Икромов.
«Агар фақат олди эшикдан чиқиш тажрибаси ишлаб кетганида, йўл ҳақи тўламай тушиб кетаётган „қуёнчаларимиз“ муаммоси ҳам ечилган бўларди. Автобусга чиққан йўловчининг ҳайдовчи олдида турган валидаторга картасини урган ё урмаганини орқадагилар ҳам кўриб, назорат қила оларди. Лекин ўрта ва орқа эшикдан ҳам чиқадиган йўловчилар жуда кўп. Кунига 1 миллион 400 минг йўловчи ташилса, ҳаммасига олди эшикдан чиқиш кераклигини айтиш керак ва бунга ўргатиш жуда қийин бўляпти», — дея тушунтирди Миракбар Икромов.
У мазкур амалиёт маълум йўналишларда синов тариқасида йўлга қўйилса ҳам натижа бермаслигини айтди.
«Масалан, 88-йўналишдаги автобусга олди эшикдан чиққан йўловчи кейинги автобусга чиқаётганда буни эсдан чиқаради. Шу сабабли тарғибот ишлари орқали йўловчилар маданиятини босқичма-босқич ошириб, бу амалиётни қўллаш ниятидамиз», — дейди Икромов.
Маълумот учун, автобусларга фақат олди эшикдан чиқиш амалиёти вилоятларда, хусусан, Урганч шаҳрида тўлиқ йўлга қўйилган.
Аввалроқ пойтахтда жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси 2022 йилга нисбатан 17 фоизга ошиб, 35 фоиздан ортгани, хусусан, ўтган йилда автобусда 412,4 млн йўловчи ташилиб, умумий тушум 644,6 млрд сўмни ташкил этгани маълум қилинганди.
