• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Хориж фуқароларининг гидлик қилишига тақиқ қўямиз» — Туризм қўмитаси раиси


Ўзбекистондаги туристик объектларнинг 209 таси учун ягона экскурсия матни жорий этилиб, гидлар етишмовчилиги бартараф қилинади ва хориж фуқароларининг гидлик қилиши тақиқланади. Бу ҳақда 15 май куни ўтказилган матбуот анжумани Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

«Гидлар фаолиятига оид қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди»

Қўмита раисининг қайд этишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 4500 нафар гид экскурсавод фаолият юритмоқда. Аммо бу ўта даражада паст кўрсаткич, яъни етишмовчилик юқори. Ҳудудларда туризм соҳаси тадбиркорлари билан ўтказилган учрашувларда
туроператорларнинг 80 фоиздан ортиғи сўнгги 5 йилда тайёрланган гидларнинг малака кўникмаларидан қониқмаслигини билдирган.

Аққулов гидлар билан боғлиқ мавзу оғриқли эканини айтаркан, ушбу масалага оид ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳамда барча вазирлик ва идоралар билан келишилганини таъкидлади. Вазирлар Маҳкамасида якуний босқичда турган қарор лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • туризмни ривожлантириш илмий тадқиқот институти ва 7 та олий таълим муассасаларида гидлик касбини ўрганиш истагида бўлган фуқаролар учун қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади;
  • 2026 йил 1 декабрдан бошлаб гидлар малакасини баҳолаш ва сертификатлаш тизими йўлга қўйилади;
  • туризм қўмитаси ҳузурида Туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш соҳалари бўйича алоҳида юридик мақомга эга бўлган малакаларни баҳолаш маркази ташкил этилади;
  • янги тизимга кўра ижобий баҳоланган гидларга малака сертификати чекланмаган муддатга берилади, 2 йил фаолият юритмаган мутахассислар қайта баҳоланади;
  • гид фаолиятини рақамлаштириш бўйича Миллий туризм ягона платформасида гидларнинг ягона электрон реестри, экскурсия хизматларини онлайн таклиф қилиш, сотиш ва харид қилиш тизими (маркетплейс), хизматлар сифатини баҳолаш бўйича онлайн рейтинг тизими ишга туширилади.

«Йилига 7500 нафаргача талаба гидликка ўқитилади»

Аққуловнинг сўзларига кўра, айни пайтда 209 та муҳим объект учун ягона матн ишлаб чиқилмоқда ва шу матн асосида экскурсиялар ўтказилиши жорий қилинади.

«Биз кузатаётган яна бир ҳолат борки, гидлар етишмовчилиги ҳисобига хорижлик сайёҳлик гуруҳлари ўзларининг тур раҳбари билан бирга келиб, экскурсия ўтиб кетяпти. Аммо улар объект ҳақида турли манбаларда нима ўқиган бўлса, ўшани гапиради холос», — дейди у.

«Шу боис биз учун стратегик аҳамиятга эга бўлган, қадриятларимиз ва тарихимиз билан боғлиқ 209 та муҳим объект рўйхатини шакллантирдик, улар учун ягона матн ишлаб чиқиляпти. Яъни уларнинг бошқача талқини бўлиши мумкин эмас. Фақатгина ўша ягона матн асосида экскурсиялар ўтказилиши йўлга қўйилади. Бу эса маданий мерос объектлари вакиллари, назоратчилари ва хавфсиз туризм бошқармаси томонидан назоратга олинади», — дея қўшимча қилди Абдулазиз Аққулов.

Унинг қайд этишича, қўмита гидлар сонини кўпайтириш мақсадида ОТМ талабаларига гидлик сертификатини бериб, кадрлар тайёрлашни йўлга қўймоқчи.

«Йилига еттита йўналишда, 3−4 йиллик олий ўқув юртларида ўқиётган талабаларга худди аввалги автомобиль йўллари институтларида ҳарбий билет берилгани каби дуал таълим тизими асосида гидлик сертификати берамиз. Агар ушбу таклифларимиз баён этилган қарор қабул қилинадиган бўлса, йилига ОТМларда ўқиётган 7500 нафаргача бўлган талабаларни гид сифатида етиштириб чиқиш имкониятимиз бўлади. Шунда етишмовчиликнинг олди олинади. Бундан ташқари, хорижий давлат фуқароларининг Ўзбекистонга келиб, экскурция хизматлари кўрсатишини тақиқлаш чораларини кўрамиз», — дейди Аққулов.

«26 нафар йигит-қиз сурдогидликка тайёрланяпти»

Туризм қўмитаси раиси маслаҳатчиси Жаҳонгир Маткаримов сурдогидлар тайёрлаш тизими ҳақида гапираркан, ҳозирда 26 нафар йигит-қиз бу бўйича ўқитилаётганини таъкидлади.

«Авваллари сурдогидлар тайёрлаш бўйича аниқ тизим йўқ эди. Биринчи тажриба 2023 йилдан бошланди. Биринчи пилот лойиҳа доирасида 10 нафар сурдогидлар тайёрлаган эдик. Илк дарсларни бошлаган вақтимизда ўқитиш бўйича аниқ тизимнинг мавжуд эмаслиги ва методик материалларнинг йўқлиги бироз қийинчиликлар туғдирди. Лекин бу босқич бизга тажриба бўлди дейиш мумкин. Сурдогидларни тайёрлаш жараёни ҳозирги кунда ҳам давом этяпти, айни пайтда 26 нафар йигит-қиз ўқитилмоқда», — дейди у.

абдулазиз аққулов, гид, сурдогид, туризм, халқаро имо-ишора тили

Фото: Халқаро инклюзив ҳаб матбуот хизмати.

Унинг қўшимча қилишича, сурдогидларни тайёрлаш асосий туристик манзиллар, яъни тўртта ҳудудда йўлга қўйилган.

«Лойиҳамиз дастлаб Тошкент шаҳрида бошланган бўлса, кейин Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида жорий қилинди. Уларни ўқитишдан ташқари, туризм объектлари бўйича сурдо экскурсоводлар учун видео материаллар тайёрлаганмиз ва уларни ижтимоий тармоқларга ҳам жойлаштирганмиз», — дейди Маткаримов.

«Ҳар бир давлатнинг имо-ишора тили бир-биридан фарқ қилади. Шу сабабли биз аввал шу тил қоидаларини ўргатиб, кейин экскурсоводликка тайёрлаяпмиз. Бу жараён бир нечта босқичдан иборатлиги учун кўп вақт оляпти», — дейди у.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *