• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Садир Жапаров Қирғизистонни БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлашга чақирди


Президент Садир Жапаров жаҳон етакчиларини 2026 йил 3 июнь куни Нью Йоркда бўлиб ўтадиган сайловларда Қирғизистонни БМТ Хавфсизлик кенгашининг нодоимий аъзолигига сайлашга чақирди. Давлат раҳбарининг ушбу мурожаати Facebook’даги саҳифасида эълон қилинди.

Жапаров ўз мурожаатида Кенгаш таркибида кичик, ривожланаётган ва денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатларнинг етарлича иштирок этмаслиги «жамоавий хавфсизликнинг бутун архитектураси барқарорлигига путур етказишини» таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, БМТнинг ушбу органида турли гуруҳлардаги мамлакатларнинг вакилликка эга бўлиши «сиёсий хоҳиш-истак эмас, балки объектив заруратдир».

«Қирғизистоннинг сайланиши жаҳон ҳамжамияти тарихий адолатни тиклаш ва барча мамлакатлар учун БМТнинг етакчи органига сайланишда тенг ҳуқуқларни таъминлаш борасида сиёсий иродага эга эканининг исботи бўлади», — дейилади мурожаатда.

Президент Қирғизистон сайланган тақдирда Хавфсизлик кенгаши фаолиятининг самарадорлиги ва шаффофлигини оширишда давом этишини, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг глобал хавф-хатар ва таҳдидларни бартараф этиш борасидаги жамоавий саъй-ҳаракатларига муносиб ҳисса қўшишини ишонч билан таъкидлади.

Жапаров Қирғизистоннинг ҳеч қандай блокли мажбуриятлар тизими билан боғланмагани ва «зиддиятли геосиёсий конфигурациялар»га жалб этилмаганини маълум қилди. Шунингдек, у Бишкек «иккиёқлама стандартлар амалиёти»га ва Хавфсизлик кенгашидан «тор манфаатлар йўлида» фойдаланилишига қарши эканини қўшимча қилди.

«Бу бизга Хавфсизлик кенгаши доирасида қутблашишни камайтириш ва функционал мулоқотни қайта тиклашга қаратилган вазмин, мустақил ва прагматик позицияни эгаллаш имконини беради… Сайланган тақдирда, Қирғиз Республикаси Кенгашда прагматик, сиёсийлаштирилмаган ва барқарор қарорлар тарафдори сифатида иш олиб боради», — дейилади мурожаатда.

Президент, шунингдек, Қирғизистон оммавий қирғин қуролларидан бутунлай воз кечиш тамойиллари асосида изчил ташқи сиёсат олиб бораётганини кўрсатиб ўтди.

У Қирғизистон номзоди Марказий Осиё давлатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланаётганини қўшимча қилди ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгашида «кенг доирадаги давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, келишилган ва масъулиятли позиция» билан чиқишга тайёрлигини тасдиқлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *