Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун муҳокама қилинди. Ҳужжат маъмурий жавобгарлик тизимини такомиллаштириш, истеъмолчилар ва вояга етмаганлар ҳуқуқларини кучайтиришга қаратилган.
Қонун билан Кодекс янги 178²-модда билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, автотранспорт воситасининг босиб ўтган масофасини кўрсатувчи одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилгани ёки алмаштирилгани ҳақида харидорни огоҳлантирмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Сенаторлар таъкидлашича, мазкур норма автомобил бозоридаги ноҳалол амалиётларни чеклаш ва истеъмолчининг ҳаққоний маълумот олиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, транспорт воситасини бошқариш ёки ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Энди бундай масалалар фақат суд томонидан белгиланган аниқ шартлар асосида ҳал этилади. Агар шахс аввал ушбу енгилликдан фойдаланган бўлса ёки жазо муддатида қайта ҳуқуқбузарлик содир этса, унга нисбатан имтиёз қўлланилмайди.
Муҳокамалар якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.