Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг (ЎзМИЖ) Лондон фонд биржасидаги биринчи халқаро листингини мамлакат иқтисодиётининг трансформациясини акс эттирувчи «чуқур рамзий маънога эга» воқеа деб атади.
«Шундай лаҳзалар бўладики, мамлакатлар ўз йўналишини сездирмай ўзгартиради, шундай лаҳзалар бўладики, дунё буни пайқай бошлайди. Бугун Ўзбекистон учун ана шундай лаҳзалардан бири», — деди у 18 май куни Лондонда бўлиб ўтган маросимда.
Унинг сўзларига кўра, тадбирнинг аҳамияти «маросимнинг ўзида эмас», балки у «иқтисодиётимизнинг фикрлаш, ишлаш ва дунё билан ҳамкорлик қилиш тарзидаги чуқурроқ трансформацияни» акс эттиришидадир.
«Тўққиз йил аввал Ўзбекистон ҳамон катта даражада ёпиқ мамлакат эди. Бугун биз рақобатбардош, сармояга йўналтирилган ва жаҳон иқтисодиётига интегратсиялашган иқтисодиётни барпо этяпмиз», — дея қайд этди Саида Мирзиёева.
У ЎзМИЖ акцияларининг бирламчи оммавий таклифи (IPO) «нафақат капитал жалб қилиш, балки Ўзбекистон институтларининг янги авлодига нисбатан ишончни шакллантириш» эканини таъкидлади.
«Ушбу жамғарма иқтисодиётимизнинг энг муҳим компанияларини — энергетика, транспорт, молия ва саноат соҳаларидаги корхоналарни ўзида бирлаштиради. Ва у бугунги Ўзбекистон қандай эканини акс эттиради: ўз мақсадлари йўлида дадил, ислоҳотларга жиддий ёндашадиган ва дунёдаги ўрнига тобора кўпроқ ишонч билдирадиган мамлакат», — деди Президент администрацияси раҳбари.
Шунингдек, Саида Мирзиёева Ўзбекистон янги листинглар тайёрлаётгани, хусусий сектор иштирокини кенгайтираётгани ва Тошкент халқаро молия марказини ташкил этаётганини маълум қилди.
«Биз учун нафақат ўсиш, балки унинг сифати ҳам муҳим», — дея қўшимча қилди Саида Мирзиёева.
У Franklin Templeton компанияси, инвесторлар, Лондон фонд биржаси ва британиялик ҳамкорларга кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдирди.
«Бугун Ўзбекистон Лондонга кашф этилишини истайдиган чегара бозори сифатида эмас, балки ўз иқтисодий келажагини онгли равишда ўзгартираётган мамлакат сифатида келмоқда. Ва биз ҳозир бу йўлнинг бошидагина турибмиз», — дея сўзини якунлади Президент администрацияси раҳбари.
Franklin Templeton президенти ва бош ижрочи директори Женни Жонсон Миллий инвестиция жамғармасининг IPO’сини Ўзбекистон ва компания учун ишончли бошқарувчи ва фонд бошқарувчиси сифатида «аниқловчи ва тарихий босқич» деб атади.
«Биз Ўзбекистоннинг биринчи халқаро акцияларини жойлаштиришни муваффақиятли ўтказиб, мамлакатни глобал инвесторлар диққат марказига олиб чиққанимиздан ғоят фахрланамиз», — деди у.
Жонсоннинг сўзларига кўра, Президент администрацияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги кўмагисиз «айниқса, бундай қисқа муддатда» жойлаштириш муваффақияти мумкин бўлмаган бўларди.
У IPO учун глобал талаб 2,8 миллиард доллардан ошганини ва аризалар китоби тўрт мартадан ортиқ қайта имзоланганини маълум қилди.
Franklin Templeton раҳбари, шунингдек, бу «ислоҳотлар суръати кейинги йилларда ҳам сақланиб қолишига бўлган кучли ишончни» акс эттиришини таъкидлади.
Женни Жонсон Franklin Templeton Ўзбекистон ҳукумати билан давлат корхоналарида корпоратив бошқарувни ривожлантириш, бизнесни мустаҳкамлаш ва маҳаллий капитал бозорини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканлигини таъкидлади.
«Гарчи биз бугун бу воқеани Лондонда нишонлаётган бўлсак-да, ЎзМИЖ Тошкент фонд биржасида ҳам савдоларни бошлади. Бу ҳозирги кунгача энг йирик маҳаллий листинг бўлиб, Ўзбекистон фуқароларига ўз мамлакатлари келажагига бевосита сармоя киритиш имконини берди», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, IPO доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ягона акциядор сифатида ЎзМИЖнинг умумий қиймати 1,56 трлн дона акцияларини оддий акциялар ва глобал депозитар тилхатлар (ГДР) шаклида таклиф қилди. Бу қўшимча жойлаштириш опсияси доирасида чиқарилиши мумкин бўлган ГДРларни ҳисобга олмаганда, жамғарманинг акциядорлик капиталининг 31 фоизини ташкил этди. Бир дона ГДР 64 700 та акцияга тенг.
Жалб қилинган маблағларнинг умумий суммаси, қўшимча жойлаштириш опсияси доирасида чиқарилиши мумкин бўлган ГДРларни ҳисобга олмаганда, қарийб 603,6 млн долларни ташкил этди. Уларни ҳисобга олганда, бу сумма 692 млн долларгача, сотилган акциялар улуши эса 35 фоизгача ошиши мумкин.
Ушбу IPO Ўзбекистон тарихидаги энг йириги бўлди. Таққослаш учун: UzAuto Motors автомобиль ишлаб чиқарувчисининг 2022 йилдаги IPO’си доирасида умумий қиймати 56,9 млрд сўмлик 1383 та ариза тўпланган бўлиб, бу таклиф этилган акциялар умумий ҳажмининг 29,1 фоизини ташкил этади. «Ўзбектелеком» эса IPO орқали 33,25 млрд сўм жалб қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, жамғарма активларининг соф қиймати 2,44 млрд долларни ташкил этган (кейинчалик, IPO якунларига кўра, капиталлашув 1,95 млрд долларга тенг бўлган). ЎзМИЖ портфелига 13 та давлат компанияси, жумладан, Узбекистан Аирwайс, «Ўзбектелеком», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ўзбекинвест» ва бошқаларнинг миноритар акциялари пакетлари киради.
2023 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, жамғарма активларининг соф қиймати 2,44 млрд долларни ташкил этган. ЎзМИЖ портфелига 13 та давлат компанияси, жумладан, Uzbekistan Airways, «Ўзбектелеком», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ўзбекинвест» ва бошқаларнинг миноритар акциялари пакетлари киради.
ЎзМИЖ нафақат улуш эгаси, балки давлат секторини бозорга тайёрлаш механизми сифатида ҳам намоён бўлади. Ҳукумат режаларига кўра, 2028 йил охиригача фонд портфелига кирувчи қуйидаги олтита компаниянинг индивидуал IPO’ларини ўтказиш режалаштирилган:
- Uzbekistan Airways
- «Миллий электр тармоқлари»
- «Ўзбектелеком»
- «Ўзбекгидроэнерго»
- «Hududiy elektr tarmoqlari»
- «Ҳудудгазтаъминот»
