• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон президенти урбанизация бўйича халқаро ташаббуслар билан чиқиш қилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 май куни Бокуда ўтган Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессияси доирасидаги Етакчилар саммитида иштирок этиб, барқарор шаҳарлар, арзон уй-жойлар ва «ақлли» урбанизация бўйича қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Саммитда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Сербия президенти Александр Вучич, Болгария президенти Илияна Йотова, Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе, Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов ҳамда БМТ ва халқаро молиявий институтлар вакиллари иштирок этди.

Форумда шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш, иқлим барқарорлиги ва уй-жой қурилишини молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент ўз нутқида XXI аср ўрталарига келиб дунё аҳолисининг қарийб 70 фоизи шаҳарларда яшашини таъкидлаб, урбанизация жараёнлари глобал хавфсизликка бевосита таъсир қилаётганини қайд этди.

«Оддий қилиб айтганда, урбанизация жараёнлари глобал барқарорлик ва хавфсизликка тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи жиддий омилга айланмоқда», – деди давлат раҳбари.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, бугун дунёда 3 миллиардга яқин инсон нормал яшаш шароитларидан маҳрум. Бир миллиарддан ортиқ одам норасмий уй-жойларда яшамоқда, 300 миллиондан зиёд инсон эса умуман бошпанасиз.

Президент Ўзбекистонда урбанизация стратегик аҳамиятга эга йўналиш эканини айтиб, яқин 15 йилда мамлакат аҳолиси 50 миллион нафарга, урбанизация даражаси эса 65 фоизга етиши кутилмоқда.

Шу муносабат билан мамлакатда кенг кўламли уй-жой қурилиши дастурлари амалга оширилмоқда. Сўнгги ўн йилда қурилаётган уй-жойлар сони 10 баробар ошган бўлиб, 2025 йилда 238 мингта хонадон қурилган. 2030 йилгача бу кўрсаткич яна 1,5 баробарга оширилиши режалаштирилган.

Аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш учун ҳар йили бюджетдан қарийб 2 миллиард доллар ажратилаётгани айтилди. Норасмий уй-жойлар муаммосини ҳал қилиш мақсадида 2024 йилда қабул қилинган қонун асосида 100 мингга яқин уй расмийлаштирилган.

Нутқда «Янги Тошкент» мегалойиҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентга кўра, мазкур шаҳар «яшил», «ақлли», «хавфсиз» ва «15 дақиқали шаҳар» тамойиллари асосида барпо этилмоқда. Биринчи босқичнинг ўзида 25 миллиард доллардан ортиқ инвестиция лойиҳалари бошланган.

Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» массивлари лойиҳаси доирасида ҳозиргача 61 та янги массив қурилгани, 2030 йилгача уларнинг сони 100 тага етказилиши маълум қилинди.

Саммитда Ўзбекистон президенти бир қатор халқаро ташаббусларни ҳам илгари сурди.

Жумладан, «мутаносиб урбанизация» тамойилларини кенг жорий этиш, «Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси»ни ташкил қилиш, 2027 йилда Самарқандда уй-жой қурилиши инвестицияларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, БМТ-Ҳабитатнинг «Яшил шаҳар» халқаро мукофотини таъсис этиш ҳамда Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини 2030 йилда Янги Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф қилинди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *