• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Деярли ҳеч биридан натижа кўрганимиз йўқ». Туризм қўмитаси хориждаги туризм элчиларини қайта баҳоламоқда


Ўзбекистон Туризм қўмитаси хориждаги туризм элчилари институтини қайта кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 15 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида қўмита раиси Абдулазиз Аққулов маълум қилди, деб хабар беради Gazeta мухбири.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда туризм элчиларига маош тўланмайди. Бироқ улар томонидан ташкил этиладиган айрим лойиҳалар молиялаштирилиши мумкин.

«Кўпчилик ҳолларда уларга маош берилмайди, уларнинг лойиҳалари молиялаштирилади», — деди у.

Аққуловнинг айтишича, қўмита ҳозир хориждаги туризм элчиларини тўлиқ хатловдан ўтказмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналаридан ҳам улар фаолияти бўйича хулосалар сўралган.

«Маркетинг бошқармамиз бу масала билан шуғулланяпти. Адашмасам, май ойи охирида битта хулосага келамиз», — деди қўмита раиси.

Унинг таъкидлашича, келгусида туризм элчиси мақомига ёндашув ўзгариши мумкин. Хусусан, энди тўғридан-тўғри элчи мақоми берилмаслиги, аввал номзод «туризм вакили» сифатида иш бошлаши режалаштирилмоқда.

«Биз, умуман, бу институтни бошқачароқ ривожлантирмоқчимиз, яъни бир айланиб туризм элчиси бўлмайди. Балки бошида туризм вакили сифатида [мақом] берсак, унинг иш натижаларини кўрганимиздан кейин, молиявий қўллаб-қувватлаш жиҳатларини ўйлайдиган бўлсак, ундан кейин элчи мақомини беришимиз мумкин», — деди Абдулазиз Аққулов.

У Хитойдаги Ўзбекистон туризм элчисини самарали фаолият юритаётганлардан бири сифатида тилга олди.

«Мен ўзим шахсан айтоладиганим, бу Хитойдаги туризм элчимиз жуда самарали ишлаяпти. Ҳар бизнес [учрашувларни] ташкиллаштиради», — деди у.

Матбуот анжуманида Gazeta мухбири бир неча йил аввал Кореянинг «Тангем» сериалида роль ўйнаган актриса Ли Ён Э Ўзбекистоннинг туризм элчиси этиб тайинлангани ортидан катта муҳокамалар бўлгани, аммо кейинчалик уларнинг фаолияти ҳақида маълумотлар деярли кўринмай қолганини эслатди.

Бунга жавобан Аққулов туризм элчилари фаолиятидан кутилган натижа кўринмаганини тан олди.

«Биз ҳам деярли ҳеч қайсидан бир натижа кўрганимиз йўқ», — деди у.

Қўмита раиси буни туризм элчиларига нисбатан таъсир механизмлари йўқлиги билан изоҳлади.

«Уларга молиявий жиҳатдан таъсир ўтказиш имконияти бўлмагандан кейин, нимадир талаб қилиш ҳам оғирроқ бўлади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, келгусида туризм элчилари институти учун янги механизм ишлаб чиқилиши мумкин. Хусусан, B2B учрашувлари ёки кўргазмалар каби аниқ лойиҳаларни молиялаштириш орқали натижадорликка эътибор қаратилади.

«Қандайдир B2B учрашувлар қилса ёки кўргазмалар уюштирса, ўшаларни молиялаштирамиз», — деди Аққулов.

Ўзбекистонда туризм элчилари институти 2018 йилдан фаол тарғиб қилина бошланган. Ўшанда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хорижда мамлакат туризм салоҳиятини оммалаштириш учун Tourism Brand Ambassador тизимини жорий этишини маълум қилган. Унга кўра, туризм элчилари сифатида машҳур маданият, спорт ва бизнес вакиллари жалб қилиниши режалаштирилган. Ўша йиллари Жанубий Кореянинг машҳур актрисаси, «Тангем» сериали орқали танилган Ли Ён Э Ўзбекистоннинг Кореядаги туризм элчиси этиб тайинлангани эълон қилинган.

Маълумот учун, 2019 йилда француз актёри Жерар Депардье Ўзбекистоннинг туризм элчисига айланган. Шунингдек, ўша йили ҳиндистонлик таниқли дизайнер Риту Бери Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги, япониялик актриса ва қўшиқчи Ацуко Маэда Япониядаги, асли ўзбекистонлик актёр ва модель Далер Юсуф эса Малайзиядаги туризм элчиси этиб тайинланган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *