14 май куни Ўзбекистон Олий суди Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Юнус Ражабий маҳалласидаги ер участкасида режалаштирилган қурилишни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни ўз кучида қолдирди. Суд пойтахт Қурилиш бош бошқармасининг 2023 йил 30 апрелдаги баҳсли ҳудудда савдо-маиший мажмуа, офис ва автотураргоҳ қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув тўғрисидаги хулосасини ҳақиқий эмас деб топди. Маҳалла аҳли учун бу қарор уй ҳовли, футбол майдони ва яшил ҳудудни сақлаб қолиш йўлидаги тўрт йиллик курашнинг якуни бўлди.
Ушбу ҳудуд атрофидаги низо 2022 йилда кўп қаватли уйлар орасидаги 561 кв метр ер майдони аукцион орқали тадбиркорга берилганидан сўнг бошланган эди. 60-уй ва қўшни уйлар аҳолиси лойиҳага қарши чиқиб, кўп йиллик дарахтлар ўсаётган ва атрофдаги уйларнинг болалари фойдаланадиган футбол майдони жойлашган бу ҳудуд ҳовлининг бир қисми эканини таъкидлаган. 2023 йилнинг апрелида Қурилиш бош бошқармаси мазкур участкада савдо-маиший мажмуа, офис ва автотураргоҳ қуришга рухсат беришни назарда тутувчи хулоса чиқарган. Аҳоли лойиҳа ҳужжатларининг келишилишига доимий равишда эътироз билдириб келган.
Маҳалла аҳолиси томонидан тақдим этилган сурат.
2024 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳар маъмурий судининг ревизия инстанцияси қурилиш бошқармаси хулосасини ҳақиқий эмас деб топди. Бироқ низо шу билан якунланмади: Бош прокуратура протестидан сўнг иш Олий судга оширилди. Аризачи ва 60-уйда истиқомат қилувчи Мукаррам Баҳромхўжаеванинг сўзларига кўра, суд жараёнида тадбиркор 2025 йил давомида турли инстанциялар орқали қарорни бекор қилдиришга бир неча бор урингани маълум бўлган.
«Суд жараёнида маълум бўлишича, қурувчи 2025 йил давомида Бош прокуратурага мурожаат қилган, қабулларда бўлиб, протест киритишни сўраган. Бир марта Олий судга ҳам мурожаат қилган, у ерда унга прокуратурага боришни тавсия қилишган. Шундан сўнг протест барибир киритилган ва иш Олий судга оширилган», — дейди у.
Бироқ аҳоли қарор устидан шикоят қилиш муддати ўтиб кетганини таъкидлаган. Баҳромхўжаеванинг сўзларига кўра, тадбиркор 2024 йилнинг декабрида чиқарилган ревизия инстанцияси қарорини қабул қилинганидан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб қайта кўриб чиқишга эришмоқчи бўлган. Бу судда аҳоли томонининг асосий далилларидан бирига айланди. Шунга қарамай, Олий суд протестни кўриб чиқиш учун қабул қилди, чунки аризачи муддат ўтиб кетганининг сабабларини тушунтириб берганди.


Ишни кўриб чиқиш икки ойдан ортиқ давом этди. Биринчи суд мажлиси март ойининг бошида, сўнггиси эса май ўрталарида бўлиб ўтди. Жами олтита суд мажлиси ўтказилди. Апрель ойида судьялар бевосита низоли ҳудудга бориб, вазиятни ўрганди.
«Вазият жамоатчиликда катта резонанс уйғотди. Ҳар бир суд мажлисида 30−40 нафардан одам қатнашди. Бизни экологик ҳамжамият вакиллари, депутатлар, блогерлар ва журналистлар қўллаб-қувватлади. Гап фақат битта ер участкаси ҳақида эмас, балки ҳовлимиз қандай ҳолатда қолиши, болаларимиз учун уйимиз ёнида спорт майдончаси ва дарахтлар бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида кетаётганини ҳамма тушуниб турганди», — дейди 60-уйда яшовчи бошқа бир фуқаро Галина Лавкова.

Олий суд Тошкент шаҳар маъмурий судининг апелляция инстанцияси чиқарган ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдирди, бироқ унинг асослантирувчи қисмини ўзгартирди. Суд ҳайъатининг тушунтиришича, қурилиш лойиҳасини келишиш тартиби махсус регламент билан тартибга солинади ва унга кўра, ҳужжатларда ишончсиз маълумотлар мавжудлиги лойиҳани келишишни рад этиш учун асос бўлиши мумкин. Суд ушбу ҳолатда ҳужжатларда номувофиқликлар бўлган, деган хулосага келди.
Хусусан, ер участкаси офис биноси қуриш учун ижарага берилган, тақдим этилган лойиҳада эса ундан ҳам кенгроқ вазифалар — савдо-маиший мажмуа, офис ва автотураргоҳ кўзда тутилган. Бундан ташқари, меъморий-режалаштириш топшириғида мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш белгиланган бўлса-да, лойиҳа ҳужжатларида бу масала ҳисобга олинмаган.

Баҳсли ҳудудда муҳандислик инфратузилмаси мавжудлиги яна бир далил бўлди. Судьялар жойига чиққанида, майдон орқали турар жой биноларидан бирини, жумладан, ариза берувчининг хонадонини таъминлайдиган қувур ўтганини аниқлади. Шу билан бирга, қурилиш ҳужжатларида ишлар бошланган тақдирда ушбу коммуникациялар қандай сақлаб қолиниши ёки кўчирилиши ҳақида бирор ечим мавжуд эмасди.
«Судьялар ҳудудга келганида, бу ернинг бўм-бўш дала эмаслигини кўрди. Ҳовлида аҳоли дам олаётган, болалар эса майдонда ўйнаётган эди. Биз коммуникацияларни кўрсатиб, бу ердан бир нечта уйнинг таъминоти боғлиқ бўлган тармоқлар ўтганини тушунтирдик», — дейди Мукаррам Баҳромхўжаева.
Шу билан бирга, Олий суд қуйи инстанция далилларининг бир қисмига қўшилмади. Аввалроқ ревизия суди ишлаб чиқариш объектини қуришда меъёрий масофаларга риоя этилмаганига ишора қилган бўлса-да, Олий суд ҳайъати тақдим этилган лойиҳа ишлаб чиқариш объектларига кирмаслигини кўрсатиб ўтди. Бунинг ўрнига қарор ҳужжатлардаги номувофиқликлар ҳамда дарахтлар ва муҳандислик тармоқларини сақлаб қолиш масалалари билан асослантирилди.

Аҳоли томонидан тақдим этилган сурат.
Олий суд ҳайъатининг 14 май куни чиқарган қарорини аҳоли гулдурос қарсаклар билан кутиб олди.
«Биз шундай натижага умид қилгандик, чунки ҳақ эканимизга ишонгандик, лекин барибир бу кутилмаган ҳол бўлди. Қарор эълон қилинганида йиғлаб юбордим. Биз учун бу нафақат футбол майдончаси ва дарахтлар учун, балки тоза ҳаво, осуда ҳаёт, маҳалламизда яшаётган болаларнинг келажаги учун ҳам кураш бўлди», — дея ўз фикри билан ўртоқлашди Мукаррам Баҳромхўжаева.
Аҳоли бу қарорни муҳим ғалаба деб атаб, ҳовли майдони бошқа қурилишлар хавфи остида қолмаслигига умид қилмоқда. Энди улар майдон ва унга туташ яшил ҳудуднинг жамоат жойи мақомини мустаҳкамлаб, келажакда бундай низоларга чек қўйиш учун кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ниятида.
«Қонунлар фақатгина қоғозда қолиб кетмаётганидан хурсандмиз. Энди болаларимиз майдон ўз жойида қолишига ва бу ерда спорт билан шуғулланиш мумкин бўлишига ишонч ҳосил қилишлари учун ҳудудни расмийлаштиришга эришмоқчимиз», — дея қўшимча қилди Галина Лавкова.


