Олий Мажлис Сенати 18 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда электрон тижорат соҳасини такомиллаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади ва уни кўриб чиқиш учун президентга юборди.
Ҳужжат билан Солиқ кодекси ва «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Gazeta Сенатнинг бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси, сенатор Эркин Гадоев қонун юзасидан тақдим этган маърузани ўрганди.
Ҳужжатга кўра, электрон савдо платформалари орқали Ўзбекистонда товар сотадиган хорижий юридик шахслар қўшилган қиймат солиғи тўловчиси деб эътироф этилади.
Унинг сўзларига кўра, қонуннинг асосий мақсади — трансчегаравий электрон савдода солиқ тушумлари йўқотилишининг олдини олиш, ҚҚС маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда маҳаллий ва хорижий сотувчилар учун тенг рақобат шароитини яратишдан иборат.
«[Хорижий юридик шахслар]нинг ўзи хорижий давлатда жойлашган, аммо товар сотиш, хизмат кўрсатиш ёки маҳсулот етказиб бериш ҳудуди Ўзбекистон ҳисобланади. Демак, хизмат қаерда кўрсатилса, ўша ерда улар солиқ тўловчи сифатида солиқ органларида ҳисобда туриши керак. Шу нуқтаи назардан улар қўшилган қиймат солиғи тўловчиси деб ҳисобланади. Улар белгиланган тартибда солиқ органларидан рўйхатдан ўтиши шарт. Бу амалга оширилган ишларнинг энг катта натижаси ҳисобланади. Бугунги кунда улар рўйхатдан ўтмоқда», — деди Эркин Гадоев.
Агар хорижий юридик шахслар Ўзбекистонда товар сотиш ёки хизмат кўрсатишни электрон савдо платформалари, ваколатхоналар ёки маҳаллий резидентлар билан тузилган дилерлик шартномалари орқали амалга оширса, бундай резидентлар уларнинг савдо ёки солиқ агенти сифатида фаолият юритиши мумкин. Бундай ҳолатда уларга ҳам солиқ қонунчилигида белгиланган мажбурият ва жавобгарлик татбиқ этилади. Ўзбекистон бозорида маҳаллий ҳамкорлар орқали ишлайдиган хорижий компаниялар белгиланган тартибда солиқ ҳисобидан ўтиши шарт бўлади.
Агар хорижий компания Ўзбекистондан ташқарида жойлашган бўлса ва мамлакатдаги харидорлар билан электрон платформалар орқали тўғридан тўғри савдо операцияларини амалга оширса, ҚҚС сотилган товарлар ёки кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиши ва ундирилиши керак бўлади.
Йиғилишда қайд этилишича, сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда электрон тижорат ҳажми 20 баробар ўсиб, 1,3 млрд долларга етган. Электрон савдо платформалари сони эса 90 тадан ошган.
Мамлакатда Yandex, Ozon ва Wildberries каби йирик халқаро платформалар фаолият юритмоқда, улар юридик шахс ёки ваколатхона очган. Шунингдек, мамлакатда 70 тадан ортиқ миллий савдо платформаси ишламоқда. Улар орасида Uzum, Sello ва Zood Mall бор.
Йиғилишда келтирилган маълумотларга кўра, 2024 йилда Ўзбекистонга халқаро курьерлик жўнатмалари орқали 167,5 млн долларлик товарлар импорт қилинган. 400 минг нафар жисмоний шахс жами 3,23 млн та буюртмани расмийлаштирган. Улар орасида 1994 нафар шахс 100 тадан ортиқ буюртма берган бўлиб, умумий қиймати қарийб 2 млн долларни ташкил этган.
Мисол сифатида Wildberries фаолияти келтирилди. Компания Ўзбекистонда WB INT EXPORT номли корхона ташкил этган ва 2022−2024 йиллар давомида жами 51,2 млрд сўм солиқ тўлаган. Ушбу сумманинг 42,8 млрд сўми қўшилган қиймат солиғи ҳиссасига тўғри келади.
Қонун, шунингдек, «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунга электрон савдони рақамлаштириш ва онлайн савдо тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартишларни ҳам назарда тутади. Жумладан, янги тушунчалар жорий этилади: «электрон савдо платформаси», «буюртмалар агрегатори оператори», «буюртмалар агрегатори», «рақамли стриминг хизмати», «рақамли стриминг хизмати оператори» ҳамда «трансчегаравий электрон тижорат».
Электрон савдо платформалари операторлари учун муайян мажбурият ва жавобгарликлар белгиланади. Улар тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигини текшириши, шахсий маълумотлар махфийлигини таъминлаши ҳамда тўлов операцияларини амалга оширишда ахборот ва киберхавфсизлик талабларига риоя этиши шарт бўлади.
Бундан ташқари, қонун трансчегаравий электрон тижорат ва тўловларни амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилайди. Электрон тижорат иштирокчилари ҳисоб-китобларни фақат алоҳида банк ҳисоб рақамлари орқали амалга ошириши шарт бўлади.