• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

4 ойда Ўзбекистонга 4 млн сайёҳ келди. Уларга 1,6 млрд доллар миқдорда хизматлар кўрсатилди


2026 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистонга 4 миллион чет эллик сайёҳ ташриф буюрди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бу кўрсаткич 30 фоизга ошган. Бу ҳақда 15 май куни ўтказилган матбуот анжумани Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Қўмита раисининг таъкидлашича, жорий йилнинг 4 ойида Ўзбекистонга келган 4 миллион хорижий туристга 1,6 миллиард доллар миқдорда туризм хизматлари кўрсатилган. Бунда 2025 йилнинг январь-апрель ойларига нисбатан 40 фоизга ўсиш кузатилган.

«Давлатлар кесимида Хитойдан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 баробарга, Япониядан 1,6 баробарга, Малайзиядан 2,2 баробарга, АҚШдан 1,4 баробарга, Франция, Британия, Испания, Туркия ва Германиядан 1,2 баробарга кўп сайёҳ ташриф буюрди. „Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил“ дастури доирасида маҳаллий сайёҳларнинг ҳудудларга 6 миллион 844 минг сафарлари ташкил этилди, ўсиш 18 фоизни ташкил этди», — дейди у.

Абдулазиз Аққулов.

Туризм бозоридаги вазият

Абдулазиз Аққулов ўтган ҳафта Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Европа комиссияси томонидан ўтказилган навбатдаги сессияда қатнашгани, у ерда туризм бозоридаги ҳозирги вазият муҳокама қилинганини айтди.

«Музокаралар столларида туризм бозоридаги ноаниқликлар, яъни охирги пайтлардаги геосиёсий вазият, авиа-керосин нархларининг ошиши, парвозлар учун ҳаво ҳудудларининг ёпилиши каби масалалар сайёҳлар оқимининг шакллантиришдаги тенденцияларни ҳам ўзгаришига сабаб бўлаётгани муҳокама қилинди», — дейди қўмита раиси.

«Олдин стандарт сайёҳлик гуруҳларини қабул қилишдан бир йил аввал сотув бошланарди ва муайян чегирмалар асосида туроператорларимиз фойдаланарди. Яқин Шарқдаги вазият шуни кўрсатдики, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, арзон турпакетларни таклиф қилишга мажбур бўлиняпти. Бу ҳам ўзига хос равишда сайёҳлик бозори тенденциялари ўзгараётганини кўрсатади», — дейди Аққулов.

абдулазиз аққулов, сайёҳлар, туризм, туризм қўмитаси

Туризм ривожи учун 1,16 трлн сўм маблағ

Унинг сўзларига кўра, туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун 2024 йилда 400 миллиард сўм, 2025 йилда 710 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Жорий йил учун эса давлат бюджетидан 1 триллион 160 миллиард сўм маблағ ажратилди.

«Ушбу маблағлар туризм аҳамиятидаги йўлларни асфальтлаш, электр ва сув тармоқларини тортиш, ўриндиқлар ва чиқинди қутилари ўрнатиш, соҳил бўйларини тартибга келтириш каби ўнлаб йўналишларга сарфланади. 2026−2027 йилларда дастурлар доирасида туризм ва унга ёндош соҳаларда 40 минг ишчи ўрни яратилиши кўзда тутиляпти. Бунинг 24 мингтаси янги иш ўрни бўлса, 16 мингта иш ўрни соядан чиқариш ҳисобига шакллантирилади», — дейди Абдулазиз Аққулов.

Қўмита раисига кўра, шу йилнинг 4 ойида уч ва тўрт юлдузли меҳмонхоналар қурган олти нафар тадбиркорга 4 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилди. Туризм қишлоқлари ва маҳаллалари сони 44 тага етказилди. Туроператор ва турагентлар эса 4600 кишидан ошди.

Аввалроқ Ўзбекистон 2030 йилгача сайёҳлар оқимини 20 млн кишига ва туризмнинг иқтисодиётдаги улушини 7 фоизга етказишни режа қилгани ҳақида хабар берилганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *