• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Миллий инвестиция жамғармаси акциялари Тошкентдаги савдоларнинг биринчи кунида 70 фоиздан ортиқ қимматлашди


Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (ЎзМИЖ) акциялари ички бозорда очиқ савдолар бошланганидан кейин кескин қимматлашди. Бу ҳақда Kap Depo инвестиция компанияси хабар қилди.

Жамғарма қимматли қоғозлари билан Тошкент республика фонд биржасидаги савдолар 18 май куни соат 10:00 да бошланди. Илк бир ярим соат ичида бир акция нархи 6 сўмга етди. Бу чакана инвесторлар учун жойлаштириш нархи — 4 сўм 41 тийиндан 37,2 фоизга юқори.

Тахминан соат 12:00 га келиб, ЎзМИЖ котировкалари 7,5 сўмгача кўтарилиб, жойлаштириш нархига нисбатан 70 фоиздан ортиқ ўсишни кўрсатди. Бироқ соат 12:25 да акция нархи яна 6 сўмгача тушди ва тахминан 36 фоиз ўсишни сақлаб қолди. Материал эълон қилинган пайтда — 14:45 ҳолатига кўра — котировкалар 5,65−5,7 сўм атрофида шаклланди, савдо ҳажми эса қарийб 4 млрд сўмга етди (3768 та битим).

Жамғарманинг глобал депозитар тилхатлари (GDR) бўйича дастлабки савдолар 13 май куни бошланган Лондон фонд биржасида эса уларнинг нархи уч кун ичида 10 фоизга — 25 доллардан 27,5 долларгача ошди. GDR бўйича асосий савдолар 18 май куни биржа очилиши билан старт олди.

IPO доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ягона акциядор сифатида ЎзМИЖнинг жами 1,56 трлн акциясини оддий акциялар ва GDR шаклида таклиф қилди. Бу жамғарма акциядорлик капиталидаги 31 фоиз улушга тўғри келади. Қўшимча жойлаштириш опциони доирасида чиқарилиши мумкин бўлган GDR`лар бундан мустасно. Бир дона GDR 64 700 та акцияни ифодалайди.

Жалб қилинган маблағлар умумий ҳажми, қўшимча GDR`лар ҳисобга олинмаган ҳолда, тахминан 603,6 млн долларни ташкил қилди. Агар қўшимча жойлаштириш опциони амалга оширилса, бу сумма 692 млн долларгача, сотилган акциялар улуши эса 35 фоизгача ошиши мумкин.

Барча қимматли қоғозларни амалдаги акциядор — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сотгани учун IPO`дан тушган маблағлар ЎзМИЖнинг ўзига келиб тушмайди.

Таклиф икки траншдан иборат бўлди. Тошкентдаги таклиф доирасида Ўзбекистон ва айрим бошқа юрисдикциялардаги институционал инвесторлар, шунингдек Ўзбекистон фуқаролари бўлган чакана инвесторлар ўртасида 47,94 млрд акция тақсимланди. Бу таклифнинг умумий ҳажмидан тахминан 3 фоиз ёки қарийб 18 млн доллар — 216 млрд сўмга тенг. Харид қилинган акцияларнинг асосий қисми Лондонда савдо қилинадиган GDR`ларга тўғри келади.

Бу IPO Ўзбекистон тарихидаги энг йириги бўлди. Таққослаш учун, 2022 йилда UzAuto Motors IPO`си доирасида 56,9 млрд сўмлик 1383 та ариза йиғилган бўлиб, бу таклиф қилинган акциялар умумий ҳажмининг 29,1 фоизини ташкил этган. «Ўзбектелеком» эса IPO давомида 33,25 млрд сўм жалб қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, жамғарманинг соф активлари қиймати 2,44 млрд долларни ташкил этган (кейинроқ IPO якунлари бўйича капиталлашув 1,95 млрд долларга тенг бўлган). ЎзМИЖ портфелига Uzbekistan Airways, «Ўзбектелеком», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ўзбекинвест» каби 13 та давлат компаниясидаги миноритар улушлар киради.

IPO — компания акцияларини бирламчи оммавий жойлаштириш жараёни бўлиб, унда компания ўз қимматли қоғозларини илк бор биржа орқали кенг доирадаги инвесторларга таклиф қилади. IPO`дан кейин акциялар эркин муомалага чиқади — уларни институционал ва чакана инвесторлар (оддий харидорлар) сотиб олиши ёки сотиши мумкин. Компания ёки унинг акциядори учун IPO маблағ жалб қилиш ёки бизнесдаги улушнинг бир қисмини сотиш имконини беради. Акция сотиб олган инвесторлар эса компания эгадошига айланади ва қоғозлар қиймати ўсиши ёки дивидендлар орқали даромад олиши мумкин, бироқ акциялар нархи тушиб кетиши хавфини ҳам ўз зиммасига олади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *