Иш ҳафтаси давомида Ўзбекистонда беқарор об-ҳаво кутилмоқда, деб хабар бермоқда Ўзгидромет. Вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғирлар ёғиб туради. Айрим кунларда баъзи жойларда кучли жала қуйиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.

Шамол тезлиги 7−12 м/с ни ташкил этади, жойларда 13−18 м/с гача, 18−19 май кунлари эса шиддат билан эсганда 20−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёмғир ёғади, вақти-вақти билан кучли бўлади. Момақалдироқ ва сел-сув тошқини ҳодисалари юз бериши хавфи бор.

Кундузи ҳаво ҳарорати +25…+28 даражадан +30…+32 даражагача ўзгариб туради.

Тошкент шаҳрида 18 май куни оқшомга бориб қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши прогноз қилинмоқда.

19 май куни кечаси ва кундузи ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси +18…+20 даража, кундузи +25…+27 даражани ташкил этади.

20 май куни ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси +17…+19 даража, кундузи +30…+32 даража бўлади.

21−22 май кунлари қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши, жойларда момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. Кечаси ҳарорат +15…+20 даража, кундузи +25…+30 даража атрофида бўлади.

Шамол шарқдан эсиб, тезлиги 3−8 м/с ни ташкил этади, вақти-вақти билан 12−15 м/с гача кучайиши мумкин. 18 май куни шаҳарнинг айрим ҳудудларида чанг-тўзонлар кузатилиши эҳтимоли бор.