Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессиясининг Етакчилар саммитида иштирок этиб, глобал урбанизация жараёнлари, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва барқарор шаҳарлар барпо этиш масалалари бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Давлат раҳбари ўз нутқида форумнинг Боку шаҳрида юқори савияда ташкил этилганини таъкидлаб, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Қорабоғда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берди.
Президент урбанизация жараёнлари XXI асрда дунё олдидаги энг долзарб масалалардан бирига айланганини қайд этди.
«Бугун дунёда қарийб 3 миллиард инсон бирламчи яшаш шароитларидан маҳрум. Бир миллиарддан зиёди норасмий турар жойларда яшамоқда, 300 миллиондан ортиқ одам эса умуман бошпанасиз», – деди Мирзиёев.
Унинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши, иқтисодий инқирозлар ва халқаро можаролар глобал миграцияни кучайтириб, шаҳарлар олдига янги чақириқларни қўймоқда.
Президент Ўзбекистонда урбанизация стратегик аҳамиятга эга эканини билдириб, яқин 15 йилда мамлакат аҳолиси 50 миллион нафарга, урбанизация даражаси эса 65 фоизга етиши кутилаётганини айтди.
Шу муносабат билан кейинги йилларда мамлакатда уй-жой қурилиши сезиларли даражада оширилгани маълум қилинди.
Хусусан:
- 2025 йилда 238 мингта хонадон қурилган;арзон уй-жой дастурларига ҳар йили қарийб 2 миллиард доллар ажратилмоқда;
- 100 мингга яқин уй-жой расмийлаштирилган;
- реновация асосида қуриладиган уйлар улушини 60 фоизга етказиш режалаштирилган.
Нутқда «Янги Тошкент» мегалойиҳасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Президентга кўра, икки миллион аҳолига мўлжалланган мазкур шаҳар «яшил», «ақлли», «хавфсиз» ва «15 дақиқали шаҳар» тамойиллари асосида барпо этилмоқда.
Мирзиёев форумда бир қатор халқаро ташаббусларни ҳам илгари сурди. Жумладан, «Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси»ни тузиш, «Яшил шаҳар» халқаро мукофотини таъсис этиш ҳамда 2030 йилда Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини Янги Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф қилинди.
Президент форум якунида мазкур анжуман янги ташаббуслар ва ҳамкорликлар учун муҳим платформа бўлишига ишонч билдирди.