• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда электр ва газ нархларини ҳисоблашнинг янги методикасини жорий этиш режа қилинмоқда



Ўзбекистонда электр энергияси ва газ нархларини ҳисоблашнинг янги методикасини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.

Бу ўринда гап активларнинг тартибга солинадиган базаси (RAB, Regulatory Asset Base) методологияси ҳақида кетмоқда — бу тизимда тариф нафақат компаниянинг жорий харажатларидан келиб чиқиб, балки унинг тартибга солинадиган активлари — хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган тармоқлар, ускуналар, подстанциялар, газ қувурлари ва бошқа мол-мулкларининг қийматини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Вазирлик таъкидлашича, RAB методологиясининг жорий этилиши энергетика соҳасидаги ислоҳотларнинг бир қисми бўлиши лозим. Бу ислоҳотлар энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш, операцион самарадорликни ошириш ва узоқ муддатли инвестицияларни жалб этишга қаратилган.

Вазирликнинг қайд этишича, электр энергияси ва табиий газга бўлган талабнинг ортиши, тармоқ инфратузилмасини ривожлантириш ва хусусий инвестицияларни жалб этиш зарурати фонида нарх шаклланишининг шаффоф меъёрий-ҳуқуқий базасини яратиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Вазирлик маълумотларига кўра, тартибга солинадиган активлар базаси методологияси нарх белгилашни истеъмолчилар ва тартибга солинадиган корхоналар учун янада шаффоф қилиш, шунингдек, тариф сиёсатининг прогноз қилинувчанлигини ошириш имконини беради.

Вазирлик RAB тизимининг жорий этилиши ёнилғи-энергетика комплекси корхоналарининг молиявий ҳолатини яхшилаш, уларнинг кредит рейтингини ошириш ва халқаро стандартлар асосида молиявий ҳисобот юритишни рағбатлантиришга хизмат қилади деб ҳисоблайди.

Энергетика тизимларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, технологик йўқотишларни камайтириш ҳамда янги қувватларни ишга тушириш катта миқдорда капитал маблағ талаб қилиши алоҳида таъкидланди. Шаффоф регулятор база эса, кутилаётганидек, инвесторлар ишончини ошириши ва маҳаллий ҳамда халқаро молиялаштиришни жалб этиш учун имкониятлар яратиши лозим.

Кейинги босқич узоқ муддатли тартибга солиш воситаларини босқичма-босқич жорий этишдан иборат бўлади. Дастлаб тарифларни тартибга солиш даври бир йил этиб белгиланади, кейинчалик уни аста-секин беш йилгача узайтириш режалаштирилмоқда. Вазирликнинг қайд этишича, бу ҳам истеъмолчилар, ҳам тартибга солинадиган корхоналар учун нархларнинг олдиндан прогноз қилинувчанлигини ошириши, шунингдек, нархларнинг босқичма-босқич ва тартибли ўзгаришини таъминлаши лозим.

Эълон қилинган дастлабки кўрсаткичларга кўра, активларнинг тартибга солинадиган базаси таркибига асосий воситалар, номоддий активлар ва айланма капитал киритилади. Активлар корхоналарнинг Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида тайёрланган молиявий ҳисоботлари негизида белгиланади.

Шу билан бирга, беғараз олинган активлар, қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда белгиланган муддатларда ишга туширилмаган ускуналар RAB базасига киритилмайди.

Операцион харажатлар тартибга солувчи орган томонидан корхоналарнинг тариф талабномалари таркибида кўриб чиқилади. Уларни қайта кўриб чиқишда инфляция даражаси ҳисобга олинади, харажатларнинг ўзи эса ёнилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичларни акс эттириши лозим.

Сўмда ифодаланган капиталнинг ўртача қиймати (WACC) корхонага қараб, солиқлар тўланганидан кейин 14−16 фоизни ташкил этади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қўшимча қилишича, RAB асосидаги тартибга солиш илк бор жорий этилаётганда ҳамда 2024 ва 2025 йиллардаги тарифлар қайта кўриб чиқилганидан кейин нархларнинг ўзини ўзи қоплаш даражасига яқинлашиши кутилмоқда.

Янги методика жорий этилгандан сўнг электр энергиясини ишлаб чиқариш нархи тахминан 9 фоизга, узатиш хизматлари 30 фоизга, электр энергиясини тақсимлаш тахминан 10 фоизга, табиий газни тақсимлаш эса тахминан 23 фоизга ошиши прогноз қилинмоқда. Бу прогнозлар бевосита аҳоли учун белгиланадиган тарифларга эмас, балки занжирнинг алоҳида бўғинлари қийматига тегишлидир.

Электр энергияси ва табиий газни ишлаб чиқариш, узатиш ҳамда тақсимлаш харажатларининг якуний истеъмолчилар учун белгиланган тарифлардан ортиқча бўлган қисми давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши режалаштирилмоқда.

Ҳудудий электр тармоқларини бошқарувга олган компания учун RAB асосида тартибга солиш тариф модели орқали киритилган инвестицияларни қайтариб олиш механизмига айланиши мумкин. Амалиётда бу шуни англатадики, бошқарувчи компаниянинг тармоқларни таъмирлаш, янги трансформаторлар ўрнатиш, ҳисобга олиш тизимини рақамлаштириш, йўқотишларни камайтириш ва таъминот ишончлилигини оширишга киритган сармоялари, агар регулятор уларни асосли ва самарали деб топса, тартибга солинадиган активлар базасига киритилиши мумкин.

Бундай ҳолатда компания белгиланган даромадлилик ҳуқуқига эга бўлади — масалан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги параметрларида корхонага қараб солиқлар тўланганидан кейин 14−16 фоиз даражасида кўрсатилган WACC орқали.

Boston Consulting Group (BCG) халқаро консалтинг компанияси бошқарувчи директори ва ҳамкори Игорь Алексеев 2025 йил октябрь ойида RAB методологияси бўйича тарифларни жорий этиш 2027−2028 йилларга режалаштирилганини маълум қилганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *