Қозоғистон қурғоқчиликка қарши курашиш мақсадида сунъий равишда ёғингарчиликни кўпайтириш бўйича Марказий Осиёдаги илк лойиҳани ишга туширди. Бу ҳақда Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги маълум қилди.
Лойиҳани ишга тушириш маросими 16 май куни Туркистонда бўлиб ўтди. Технологияни тўлиқ миқёсда жорий этиш эса 17 майдан бошланди. Мазкур лойиҳа 1980-йилларнинг охиридан буён об-ҳавони ўзгартириш ва сунъий ёғингарчиликни кўпайтириш технологиялари соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган БАА Миллий метеорология маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Лойиҳа сув омборларини тўлдириш ҳамда Туркистон вилоятидаги 900 минг гектардан ортиқ майдонга эга бўлган қишлоқ хўжалиги ҳудудларини сув билан таъминлаш даражасини оширишга қаратилган.
Тегишли ҳудудлар метеорология хизматлари ва соҳавий давлат органлари мутахассислари томонидан об-ҳаво шароити, экологик вазият ҳамда сувга бўлган эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда танлаб олинади. Технологиянинг таъсир радиуси 5 километрдан ошмайди. Иш жараёнида халқаро амалиётда қўлланадиган туз асосидаги реагентлардан фойдаланилади.
Расмий прогнозларга кўра, лойиҳа ҳосилдорликни ошириш ва қурғоқчиликдан кўриладиган зарарни камайтириш ҳисобига йилига 35 миллиард тенгегача иқтисодий самара бериши мумкин. Шунингдек, ушбу ташаббусни Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кенгайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.
«Қозоғистон иқлим барқарорлигининг янги тизимини шакллантириш сари амалий қадам ташламоқда. Минтақада илк бор сунъий ёғингарчиликни кўпайтириш технологиялари соҳасида бундай миқёсдаги лойиҳа ишга тушириляпти. Биз учун бу фан, халқаро шериклик ва рақамли технологияларга асосланган замонавий иқлим инфратузилмасини яратишнинг бошланишидир», — деди бош вазир ўринбосари — сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев.
Сунъий равишда ёмғир чақириш технологияси, халқаро баҳолашларга кўра, ёғингарчилик миқдорини 10−20 фоизга ошириш имкониятига эга ва у аллақачон бир қатор мамлакатларда, жумладан, БАА, Хитой, АҚШ ва Саудия Арабистонида қўлланиб келинмоқда.