БМТнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Конго Демократик Республикаси ва Угандада Эбола безгаги тарқалишини халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат деб эълон қилди, дея хабар бермоқда Associated Press 17 май куни.
ЖССТ ушбу баёнотни мазкур икки давлатда касалликка чалинганликда гумон қилинаётган 300 дан ортиқ ҳолат қайд этилиб, уларнинг 88 таси ўлим билан якунланганидан кейин эълон қилди.
Ташкилот мазкур эпидемия COVID-19 каби пандемик миқёсдаги фавқулодда ҳолат мезонларига жавоб бермаслигини таъкидлади, шу сабабли ЖССТ халқаро чегараларни ёпишни тавсия этмади.
ЖССТнинг маълум қилишича, лаборатория томонидан тасдиқланган касалланиш ҳолати Конго пойтахти Киншасада аниқланган бўлиб, ушбу шаҳар эпидемия ўчоғи бўлган шарқий Итури провинциясидан тахминан 1000 километр узоқликда жойлашган.
Эбола безгаги — Эбола вируси келтириб чиқарадиган оғир ва кўпинча ўлим билан якуналадиган касаллик. Бу вирус юқумли бўлиб, одамнинг қусуқ массаси, қон ёки сперма каби тана суюқликлари орқали юқиши мумкин.
ЖССТнинг фавқулодда ҳолат эълон қилишидан мақсад — донор ташкилотлар ва давлатларни фаол ҳаракатга келтиришдир. Ташкилот мезонларига кўра, бундай қарор вазиятнинг жиддийлигини, касалликнинг халқаро миқёсда тарқалиш хавфи мавжудлигини ва мувофиқлаштирилган халқаро чора-тадбирларни талаб қилишини кўрсатади.
