Ўзбекистонда ҚҚСнинг ноль ставкаси қўлланиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рўйхати кенгайтирилди. Бу ҳақда Давлат солиқ хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари етиштирган маҳсулотларни (пахта ва ғалладан ташқари) сотишда ҚҚСнинг ноль ставкаси қўлланилади. Рўйхат президентнинг 2025 йил 4 сентябрдаги [ПФ-153-сон] фармонига мувофиқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган.
Солиқ хизмати маълумотига кўра, ноль ставкадаги ҚҚС қўлланиладиган маҳсулотлар рўйхати 14 тага кўпайтирилган ва қайта тасдиқланган. Ҳужжат Солиқ қўмитасининг очиқ маълумотлар бўлимига жойлаштирилган.
Янгиланган рўйхатга тирик балиқлар, тирик бузоқлар, сигирлар, буқалар, қўйлар, эчкилар, отлар, туялар, эшаклар, асалари оилалари (пакетлар), ипак қурти, шунингдек ферула-коврак кўчати ва смоласи киритилган.
Ҳужжатга кўра, ҚҚСнинг ноль ставкаси қўлланиладиган маҳсулотлар рўйхати жами 518 позициядан иборат. Унга олма, нок, ўрик, шафтоли, хурмо, тарвуз, қовун каби мевалар ва полиз маҳсулотлари, помидор, бодринг, карам, картошка сингари сабзавотлар, мош, нўхат, гуруч каби донли ва дуккакли экинлар, сут, қаймоқ, творог, тухум, янги, совутилган ва музлатилган гўшт маҳсулотлари, балиқ ва денгиз маҳсулотлари, шунингдек уруғлар, кўчатлар ва гуллар киритилган.
Ҳужжат изоҳида қайд этилишича, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоят ҳокимликлари ҳамда маҳсулот етиштирувчилар таклифлари асосида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда рўйхатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан бошлаб деҳқон ва фермерларга ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотишда ҚҚС ноль ставкада қўлланилиши 2025 йил 4 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев иштирокидаги қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари бўйича тақдимотда маълум қилинган эди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов имтиёз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг деярли ярмини қамраб олишини ва бизнесга 1 трлн сўмгача маблағни тежаш имконини беришини айтганди. ССП раиси Даврон Ваҳобов президентнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ҚҚСни бекор қилиш қарорини «тарихий» деб атади. Унинг сўзларига кўра, ушбу чора фермерларга нақд ҳисоб-китобдан воз кечиш, «яширин» иқтисодиётдан чиқиш ва такрорий экин экиш билан янада фаол шуғулланиш имконини беради. У 34 йилда биринчи марта қишлоқ хўжалигига бундай катта имконият берилганини таъкидлади.