• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Жавоҳир Синдаров Руминиядаги турнирда Аниш Гири билан 107 юришдан кейин дуранг ўйнади


Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров Бухарестда ўтаётган Super Chess Classic Romania 2026 турнирининг тўртинчи турида нидерландиялик Аниш Гири билан дуранг ўйнади.

Учрашув кескин дебют билан бошланди, бироқ ҳар икки шахматчи тез ҳаракат қилди ва Chess.com таъкидлашича, жиддий ўйлашни фақат 17-юришдан кейин бошлади. Кейинчалик Синдаров марказда ёриб киришга уринди, аммо кўплаб алмашинувлардан сўнг позиция дурангга яқинлашди. Шунга қарамай, ўзбекистонлик шахматчи амалий имкониятлар излашда давом этди ва рақибини ўйин охиригача «синовдан ўтказди».

Синдаров ва Гири партиясида биринчи юришни қозоғистонлик шахматчи, блиц бўйича уч карра жаҳон чемпиони ва халқаро гроссмейстер Бибисара Асаубаева амалга оширди.

Ҳал қилувчи палла вақт назорати атрофида юз берди: Синдаров ўйинни мураккаблаштиришга уринди, аммо Гири аниқ ечим топди — фигура қурбон қилиб, «рухга қарши рух ва от»ли дуранг эндшпилга ўтди. Назарий жиҳатдан тенг позицияга қарамасдан, Синдаров 107-юришгача курашни давом эттирди, шундан кейин рақиблар дурангга рози бўлди.

grand chess tour, super chess classic romania, аниш гири, жавоҳир синдаров, шахмат

Тўрт турдан кейин франциялик Максим Вашье-Лагравни мағлуб этган германиялик гроссмейстер Винсент Каймер турнирнинг якка пешқадамига айланди. У иккинчи ғалабасини қайд этиб, яқин таъқибчиларидан ярим очкога ўзиб кетди. Улар қаторида Аниш Гири, Йорден ван Форест ва Рамешбабу Прагнанандха бор. Синдаров эса 1,5 очко билан 8-ўринда бормоқда.

Фабиано Каруана — Алиреза Фиружа ўртасидаги партия Фиружанинг соғлиғи ёмонлашгани сабаб кейинга қолдирилди.

18 май куни бўлиб ўтадиган бешинчи турда Синдаров қора доналарда Алиреза Фиружага қарши ўйнаши керак. Агар франциялик гроссмейстер турнирда иштирокни давом эттира олса, партия ўтказилади.

grand chess tour, super chess classic romania, аниш гири, жавоҳир синдаров, шахмат

Grand Chess Tour битта алоҳида мусобақа эмас, балки турнирлар сериясидир. Польшадаги босқич, Руминиядаги турнир ва ундан кейинги Хорватия ҳамда АҚШдаги босқичлар GCT-2026 умумий мавсумига киради. Ҳар бир турнирнинг алоҳида ғолиби, алоҳида жадвали ва соврин жамғармаси мавжуд, бироқ натижалар турнинг умумий ҳисобига ҳам ёзиб борилади: босқичларда эгаллаган ўринлари учун шахматчиларга тур очколари берилади. Бешта босқич якунларига кўра, умумий ҳисобда энг яхши натижа кўрсатган ўйинчилар Grand Chess Tour финалига йўл олади.

Super Chess Classic Romania 14−24 май кунлари Бухарестда бўлиб ўтмоқда ва у Grand Chess Tour доирасидаги иккита классик турнирнинг биринчисидир. Мусобақа формати — 10 нафар шахматчи иштирокидаги айланма тизим бўлиб, унда ҳар бир иштирокчи бир-бири билан биттадан партия ўйнайди. Жами тўққизта тур режалаштирилган, кунига биттадан тур ўтказилади. Партиялар классик вақт назоратида ўтади — дастлабки 40 та юриш учун 90 дақиқа, сўнгра биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сониядан қўшиб берилган ҳолда партия охиригача 30 дақиқа ажратилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *