18 май, душанба куни Тошкентдаги «Yangi Avlod» махсус саноат зонасида JAC Motors Toshkent заводи очилди ва бренднинг Ўзбекистондаги биринчи модели — JAC M3 минивэнини йиғиш линияси ишга туширилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков иштирок этиб, мазкур лойиҳа пойтахт саноат салоҳиятини ошириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шавкат Умурзаков.
JAC Motors Toshkent Хитойнинг JAC Motors компанияси (51%) ҳамда «Toshkent invest kompaniyasi» (49%) ҳамкорлигида шаҳар ҳокимлиги қошида қўшма корхона шаклида ташкил этилди.
Янги заводда ички ёнув двигателли, гибрид ва электромобиллар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Лойиҳа қиймати 135 млн АҚШ доллари бўлиб, умумий 30 гектар майдонда икки босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда 35 млн доллар миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, йиллик 10 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга SKD заводи (йирик узелли йиғиш) ишга туширилди ҳамда 100 та янги иш ўрни яратилди.

Иккинчи босқичда эса тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга CKD заводини (майда узелли йиғиш) барпо этиш, йиллик қувватни 30 минг дона автомобилга етказиш ва қарийб 1000 та қўшимча иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
JAC RF8.
Келгусида Тошкентда JAC М4, Sunray, JS8, RF8, Т8 ва Т9 моделларини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда, дейилади хабарда.
JAC Motors (Anhui Jianghuai Automobile Group) — 1964 йилда ташкил этилган ва Аньхой провинциясининг Хэфэй шаҳрида жойлашган Хитой давлат автомобилсозлик компанияси. Компания енгил автомобиллар, юк машиналари, автобуслар, тижорат транспорти ва электромобиллар ишлаб чиқаради. Дастлаб JAC тижорат техникасига ихтисослашган бўлса, кейинчалик седан, кроссовер ва электромобиллар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйган. Бренд автомобиллари 100 дан ортиқ давлатга экспорт қилинади, жаҳон бозорига етказиб берилган машиналар умумий сони эса 10 миллионтадан ошган.
