Вазирлар Маҳкамаси Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ҳужжатга кўра, халқаро олимпиада ҳар йили чет элларда истиқомат қилувчи 14−18 ёшли ватандош мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилади.
Қарор Ўзбекистон президентининг 2025 йил октябрда қабул қилинган «Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Ҳужжатда олимпиаданинг асосий мақсади хорижий давлатларда ўзбек тилида таълим олаётган ўқувчиларнинг ўзбек тилига бўлган қизиқишини ва ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш экани қайд этилган.
Қарорга мувофиқ, халқаро олимпиада ғолиблари республика олий таълим муассасаларининг «Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили ва адабиёти» йўналишига умумий қабул квотасидан ташқари давлат гранти асосида қабул қилинади. Бу имтиёз олтин, кумуш ва бронза медали соҳиблари учун уч йил давомида амал қилади.
Низомга кўра, олимпиада ҳар йили октябрь ойига қадар икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич тест синовларидан, иккинчиси эса ёзма иш — эссе ёзишдан иборат бўлади.
Тест босқичида иштирокчилар 120 дақиқа ичида 30 та тест саволига жавоб беради. Саволлар қийинлик даражасига қараб уч тоифага бўлинади: оддий, ўрта ва юқори. Биринчи 10 та саволнинг ҳар бири 0,9 балл, кейинги 10 таси 1,5 балл, сўнгги 10 таси эса 2,6 балл билан баҳоланади. Умумий тест натижаси 50 баллни ташкил этади.
Ёзма иш босқичида иштирокчилар 5 тагача эссе мавзуси орасидан қуръа ташлаш орқали танланган битта мавзу бўйича ижодий иш ёзади. Бунинг учун 180 дақиқа вақт ажратилади ва у ҳам 50 балл билан баҳоланади.
Ҳужжатда қайд этилишича, олимпиадада иштирокчилар якка ёки жамоавий тарзда, онлайн ёки оффлайн шаклда қатнашиши мумкин. Ҳар бир давлатдан 3 тагача жамоа қатнашишига рухсат берилади. Жамоа таркиби 6 нафаргача иштирокчи ва бир нафар раҳбардан иборат бўлади.
Олимпиада жараёнида телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш тақиқланади. Имтиҳон ўтказиладиган хоналар видеокузатув камералари билан жиҳозланади. Қоидаларни бузган иштирокчилар олимпиададан четлаштирилади ва уларнинг ишлари баҳоланмайди.
Оффлайн қатнашиш имконияти бўлмаган иштирокчилар учун ҳам алоҳида тартиб белгиланган. Улар овозли видеокузатув ўрнатилган хоналарда онлайн иштирок этади. Ишлар сканер қилиниб, ташкилий қўмитага электрон шаклда юборилади.
Ғолиблар иштирокчилар тўплаган умумий балл асосида аниқланади. Медаллар иштирокчилар сонига нисбатан 1:2:3 тартибида тақсимланади. Шу билан бирга, ғолиблар улуши умумий иштирокчиларнинг 60 фоизидан ошмаслиги керак.
Халқаро олимпиадани ташкил этиш бўйича ташкилий қўмитага мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова раҳбарлик қилади. Қўмита таркибига «Ватандошлар» жамоат фонди, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий таълим вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.
Ҳужжатга кўра, иштирокчиларни кутиб олиш, меҳмонхонага жойлаштириш, овқатлантириш, транспорт, экскурсиялар, медал ва сертификатлар тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар «Ватандошлар» жамоат фонди, ҳомийлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
