Ўзбекистонда давлат аудити соҳаси учун кадрлар тайёрлайдиган Давлат аудити олий мактаби ташкил этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 16 майдаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳуқуқий мақоми олий таълим ташкилоти факультетига тенглаштирилган Давлат аудити олий мактаби фаолият бошлайди. Унда «Давлат аудити» бакалавриат таълим йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланади.

Қарор Ўзбекистон президентининг 2025 йил 18 декабрдаги давлат аудити ва молиявий назорат тизимини такомиллаштиришга оид фармони ижроси доирасида қабул қилинган. Ҳужжатда халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибалар асосида давлат аудити соҳаси учун етук ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсад қилиб қўйилган.

«Давлат аудити» бакалавриат йўналишига қабул параметрлари кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида шакллантирилади. Ўқув дастурлари эса Quacquarelli Symonds (QS) ва Times Higher Education (THE) рейтингларида соҳалар бўйича биринчи 300 таликка кирган хорижий университетлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилади.

Қарор билан мазкур таълим йўналишига кириш учун қўшимча талаблар ҳам белгиланди. «Давлат аудити» бакалавриатига ҳужжат топширувчи абитуриентлар чет тили бўйича камида B2 даражадаги, математика фанидан эса B даражасидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиши шарт.

Бундай сертификатга эга абитуриентлар чет тили ва математика фанлари бўйича тест синовларидан озод қилинади. Улар барча бакалавриат таълим йўналишлари учун мажбурий бўлган учта фандан фақат иккитаси — она тили ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовларини топширади.

Ҳужжатга мувофиқ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ҳисоб палатаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ўқув дастурларини тасдиқлайди. Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларида давлат аудити йўналиши ва ушбу соҳадаги имкониятлар бўйича тарғибот ишлари олиб борилади.

Қарор ижросини назорат қилиш олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов зиммасига юклатилган.