Gazeta интернет нашри 2025 йил якунларига кўра «Мустақил медиани ривожлантириш, ижтимоий аҳамиятга молик контент яратиш ва аудитория ишончини мустаҳкамлаш учун» махсус номинациясида Brand Awards International мукофотига сазовор бўлди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Маркетинг уюшмаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган тўққизинчи мукофот ғолиблари шанба куни Тошкентда эълон қилинди.
Мукофот ҳакамлари ҳайъати ўтган йили Gazeta рақамли муҳитдаги иштирокини кенгайтиришда давом этгани ҳамда маданий-ижтимоий соҳаларда бир қатор йирик махсус лойиҳаларни амалга ошириб, мамлакатнинг етакчи онлайн ОАВларидан бири сифатидаги мавқейини мустаҳкамлаганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Gazeta 2019 ва 2020 йилларда экспертлар танловига кўра янгиликлар сайтлари ўртасида «Йил бренди» деб топилганди.
