Хорватия президенти Зоран Миланович амалдаги Исроил ҳукумати олиб бораётган сиёсат сабабли мамлакатнинг Загребдаги янги элчиси номзодини тасдиқлашдан бош тортди.
«Исроил Давлатининг таклиф этилган элчиси республика президенти Зоран Милановичнинг розилигини олмади ва олмайди», — дейилади президент маъмурияти баёнотида.
Миланович аввал ҳам Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий операциясини бир неча бор танқид қилган. Айтилишича, у шу вақтгача дипломатик амалиётга мувофиқ ушбу масала юзасидан оммавий изоҳ беришдан тийилиб келган. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Исроил Хорватия томонининг расмий розилигини олмасдан туриб элчи номзодини эълон қилиб, «ёзилмаган қоида»ни бузган.
Исроил ТИВнинг баёнотида эса Загребдаги янги элчи мақоми билан боғлиқ масалани ҳал қилиш бўйича хорватиялик ҳамкасблар билан иш олиб борилаётгани айтилган.
Хорватия ва Исроил ўртасидаги муносабатлар Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий операцияси ва Яқин Шарқдаги вазият фонида таранглигича қолмоқда.
Феврал ойида Миланович хорват ҳарбийлари халқаро гуманитар ҳуқуқнинг «қабул қилиб бўлмайдиган ҳаракатлар ва мисли кўрилмаган бузилиши» сабабли Исроил армияси билан ҳамкорлик қилмаслигини айтган эди.