Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов аэротакси ва бошқа учиш аппаратларини ишга тушириш учун қонунчилик базасини тайёрлашни топширди.

«Европадаги EASA ва АҚШдаги FAA каби жаҳон регуляторлари тижорий аэротакси аппаратларини сертификатлаш қоидаларини ишлаб чиқиб бўлган. Биз ҳам аэротакси, дронлар ва бошқа янги турдаги учиш аппаратларини ишга туширишга тайёр бўлишимиз керак», — деди Бектенов.

Транспорт вазирлигига 2026 йил июнь ойи якунига қадар шаҳар ҳаво мобиллиги (UAM) масалалари бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш топширилди.

18 май куни Алатау шаҳрида учувчисиз аэротаксининг синов парвози бўлиб ўтди. Транспорт вазирлигининг аниқлик киритишича, Хитойнинг AutoFlight компанияси томонидан ишлаб чиқарилган учиш аппарати синовдан ўтказилган.

2026 йил март ойида Қозоғистон бош вазирининг ўринбосари Қанат Бозумбаев мамлакатда яқин 2−3 йил ичида учадиган таксиларни ишга тушириш режалаштирилаётганини айтганди. У паст баландликлар иқтисодиёти Алатауни ривожлантиришнинг бешта асосий йўналишидан бирига айланиши кераклигини таъкидлаган. Бозумбаев ўшанда Қозоғистон аэротаксилар учун 15 йиллик навбат шаклланиб улгурган АҚШнинг Joby Aero компанияси ҳамда Хитойнинг AutoFlight компанияси билан қатор ҳужжатларни имзолаганини маълум қилганди.

2025 йил ноябрь ойида Қозоғистон Алатау шаҳри учун Joby Aero компаниясидан 300 миллион долларлик учувчисиз аэротаксилар туркумини сотиб олиш бўйича келишувга эришган.

Алатау — Олмаота вилоятида бир нечта қишлоқларни бирлаштириш орқали 2024 йилда ташкил этилган янги шаҳар. Шаҳар Қозоғистонда инновацион, технологик ва иқтисодий ҳаб яратиш лойиҳасининг бир қисмига айланди. Лойиҳа ташаббускори мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев бўлганди. «Шаҳар технологик тараққиётни ҳаёт учун максимал даражада қулай муҳит билан уйғунлаштирган ҳолда, Қозоғистоннинг келажакдаги қиёфасини гавдалантиради», — деганди Тоқаев.