Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 18 май куни тўловнинг бир қисми ўз вақтида амалга оширилган тақдирда, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган биноларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Ҳужжат президентга юборилди.
Gazeta сенатор Эркин Гадоевнинг мажлисдаги маърузасини ўрганди.
Қонун ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш ишларини тартибга солишни кўзда тутади. Ўзгартириш ва қўшимчалар «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида«ги ҳамда «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида«ги қонунларга киритилмоқда.
Мажлисда қайд этилганидек, мамлакатда жисмоний ва юридик шахслар томонидан қурилган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Янги қонун ваколатли идораларнинг вазифа ва масъулиятини аниқ белгилаш, шунингдек, фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган.
Хусусан, ваколатли ташкилотлар ва адлия органлари томонидан ҳужжатларни кўриб чиқиш ҳамда жамоатчиликда эълонда туриш муддатлари 3 бараварга, яъни 150 кундан 50 кунгача қисқартирилмоқда.
Қонун билан ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун бир марталик тўлов бир йўла ёки бўлиб-бўлиб тўланиши мумкинлиги ҳам белгиланмоқда.
Маърузада келтирилган маълумотларга кўра, 2025 йил 1 декабрь ҳолатига 17 мингга яқин объектлар бўйича бир марталик тўлов амалга оширилмаганлиги сабабли, ҳуқуқни эътироф этиш ишлари тўхтаб қолган.
Киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун бир марталик тўловнинг 50 фоизи ўз вақтида, яъни 20 кун ичида амалга оширилган тақдирда, улар бир марталик тўловнинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.
Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун бир марталик тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги шартнома туман ёки шаҳар солиқ инспекциялари ва тегишли шахслар ўртасида автоматлаштирилган ахборот тизими орқали имзоланади ҳамда ушбу тўловнинг ҳисоб-китоби юритилади.
Агар ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи эътироф этилаётган шахс вафот этган бўлса, мазкур шартнома унинг яқин қариндошларидан бири томонидан қоғозда имзоланади.
Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун бир марталик тўлов тегишли шартномада белгиланган муддатларда тўланмаган тақдирда, қарздорликни туман ёки шаҳар солиқ инспекциялари томонидан жарима ва пеня қўлланилмаган ҳолда ундириш чоралари кўрилади.
Якка тартибдаги уй-жойлар қуриш орқали ортиқча эгалланган ер участкаси бўйича алоҳида норма белгиланмоқда. Бундай участкага бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этишда бозор қиймати ўрнига қатъий белгиланган миқдорда бир марталик тўлов ундириш назарда тутилмоқда. Бунда Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (2,06 млн сўм), вилоятлар марказларида — БҲМнинг 3 баравари (1,236 млн сўм), бошқа шаҳарларда — БҲМнинг 2 баравари (824 минг сўм), бошқа аҳоли пунктларида — БҲМнинг 1 баравари (412 минг сўм) ундирилади.
Бундан ташқари, солиқ қарздорлиги БҲМнинг 30 бараваридан (12,36 млн сўм) ошмайдиган кўчмас мулк объектларига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш рад этилмасдан амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Маърузага кўра, 2025 йилнинг 1 декабрь куни ҳолатига 147 мингдан ортиқ объектлар бўйича солиқ қарздорлиги аниқлангани сабабли, ҳуқуқни эътироф этиш ишлари тўхтаб қолган кўчмас мулк объектлари муаммоси ҳал этилади.
Амнистияга тушадиган қурилиш объектларини барпо этиш муддати яна ярим йилга — 1998 йил 1 июлдан 1999 йил 1 январгача узайтирилмоқда.
Яна бир ўзгариш қурилиш тақиқланган ҳудудларда жойлашган бино ва иншоотларга тааллуқли. Бундай ҳолатларда, уни тўлиқ рад этмасдан ер участкасининг қурилиши тақиқланган ҳудудига тушган қисмини чегириб ташлаган ҳолда қолган қисмига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш белгиланмоқда.
Бинолар ва иншоотлар, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойлар хусусийлаштирилгани ёки хусусийлаштирилмагани тўғрисидаги маълумотларни автоматлаштирилган ахборот тизимига киритишга (бириктиришга) маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳам масъул этиб белгиланмоқда.
