Тошкентда Volkswagen автомобилларини ишлаб чиқариш бошланади. Бу ҳақда 19 май куни Шавкат Мирзиёев танишган тақдимотда маълум қилинди.
Режага кўра, биринчи босқичда Тошкент шаҳрида йирик узелли ишлаб чиқаришни бошлаш кўзда тутилган. Кейинги босқичда Ангрен эркин иқтисодий зонаси ҳудудида тўлиқ циклда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва экспорт бозорларига чиқиш режалаштирилган.
Тақдимотда автомобилсозликда ишлаб чиқариш ҳажмини ва банд бўлганлар сонини 1 миллионтага етказиш масалалари кўриб чиқилди. 2026 йилда, шунингдек, Foton ва JAC заводлари ишга туширилиши режалаштирилгани айтилди.
Бугунги глобал вазият автомобилсозлик соҳасига сезиларли таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Шу боис, технологик мустақилликни таъминлаш, инновацияларни жорий этиш ва экспорт ҳамда логистика чекловларига камроқ боғлиқ бўлган рақобатбардош миллий маҳсулотлар яратиш вақти келгани таъкидланди.
Бу борада Андижон ва Жиззахда замонавий муҳандислик мактаблари очилгани, ёш тадқиқотчилар ва муҳандислар шаклланаётгани, умуман, маҳаллий маҳсулотларни кенгайтириш ва якуний маҳсулот яратиш учун зарур интеллектуал салоҳият мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу мақсадда «Ўзавтосаноат» АЖ тизимида Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолияти ривожлантирилиши белгиланди.
Соҳадаги яна бир катта имконият — эҳтиёт қисмлар бозори экани таъкидланди. Шу муносабат билан эҳтиёт қисмлар бозорини тартибга солиш, маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш, сертификатлаш тизимини такомиллаштириш ва замонавий синов лабораторияларини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. 2026 йил якунига қадар халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Автомобиль эҳтиёт қисмлар бозорини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш вазифаси қўйилди.
Президент автомобилсозлик саноати мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири эканини таъкидлаб, соҳада рақобатни кучайтириш, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, миллий муҳандислик мактабини ривожлантириш юзасидан аниқ топшириқлар берди.
Volkswagen Ўзбекистонда
2020 йилда «Ўзавтосаноат» ва Volkswagen Group Rus (Volkswagen’нинг Россиядаги шуъба корхонаси) ўртасида Jizzakh Auto (Жиззах автомобиль заводи) негизида «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзоланган эди.
Ўша йилнинг ёзида Жиззах автомобиль заводи базасида Volkswagen, кузда эса Škoda (1991 йилдан Volkswagen гуруҳига киради) тижорат автомобиллари сотуви бошланди.
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг Volkswagen Россия бозорини тарк этишга қарор қилди. 2023 йил май ойида компания Россиянинг «Авилон» автодилерига сотиб олиш ҳуқуқисиз сотилган.
2022 йил август ойида ижтимоий тармоқларида Volkswagen Ўзбекистонда фаолиятини тўхтатгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
