Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятидаги олий таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қарорни имзолади. Ҳужжат олий таълим муассасалари ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашни мақсад қилади.
Қарорга мувофиқ, Самарқанд вилоятидаги бир қатор олий таълим муассасалари қайта ташкил этилади. Хусусан:
- Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети негизида Самарқанд давлат техника университети ташкил этилади;
- Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали Самарқанд давлат университетига қўшиб олинади;
- Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали Самарқанд давлат педагогика институти таркибига ўтказилади ва унинг негизида Ургут факультети фаолияти йўлга қўйилади;
- Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиали эса Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига қўшиб олинади.
Қарор билан талабаларнинг ўқиши қандай давом эттирилиши ҳам белгиланди. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети талабалари ўқишни янги ташкил этиладиган Самарқанд давлат техника университетида давом эттиради.
ТАТУ Самарқанд филиали ҳамда Самарқанд давлат университети Ургут филиалининг Бизнесни бошқариш ва табиий фанлар факультети талабалари Самарқанд давлат университетига ўтказилади.
Ургут филиалининг Педагогика ва тилларни ўқитиш факультети талабалари эса Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультетида таҳсилни давом эттиради.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали талабалари Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига ўтказилади. Ўқиш якунида уларга мазкур олий таълим муассасаларининг дипломлари берилади.
Шунингдек, Самарқанд давлат университети Ургут филиалининг Бизнесни бошқариш ва табиий фанлар факультетида 2025/2026 ўқув йилида таҳсил олаётган талабаларга ўқишни тугатгунига қадар Самарқанд давлат педагогика институти Ургут факультети биносида таълим олиш имконияти яратилади.
2027/2028 ўқув йилидан Самарқанд давлат техника университетида Интеллектуал сув технологиялари илғор муҳандислик мактаби ташкил этилади. Шунингдек, саноат корхоналари эҳтиёжидан келиб чиқиб муҳандислик ва ишлаб чиқариш технологиялари соҳаларида янги бакалавриат ва магистратура дастурлари очилади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб профессор-ўқитувчилар ва докторантларнинг етакчи хорижий олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасаларида малака ошириши ва стажировка ўташи йўлга қўйилади. Бу жараён «Эл-юрт умиди» жамғармаси билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Қарор билан Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш вазифаси белгиланди.
Хусусан, Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат техника университети ва Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда ҳудуддаги йирик саноат корхоналари ўртасида саноат ҳамкорлиги йўлга қўйилади. Бунда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Қайд этилишича, ҳамкорлик доирасида қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, талабалар ва ёш олимларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, корхоналар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кадрлар тайёрлаш буюртмаларини шакллантириш, шунингдек, таълим ва илмий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилади.
Шу билан бирга, чет эллик мутахассислар ва нуфузли хорижий олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасаларида фаолият юритаётган ватандош олимларни шартнома асосида Самарқанддаги олий таълим муассасаларига жалб қилиш чоралари кўрилади.
Қарор билан Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат техника университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Самарқанд давлат педагогика институтини молиялаштириш тартиби ҳам белгиланди.
Ҳужжатга кўра, мазкур олий таълим муассасалари давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт тушумлари, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида кўрсатилган хизматлардан олинадиган даромадлар, грантлар, ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Шунингдек, 2026 йилда қайта ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар тегишли вазирликларга ажратилган бюджет маблағлари доирасида қопланади. 2027 йилдан бошлаб эса бу маблағлар Давлат бюджети параметрларида алоҳида назарда тутилади.
Қарорга илова қилинган «Йўл харитаси»да талабалар ва таълим сифатига доир бир қатор аниқ чоралар белгиланган. Хусусан, 2026/2027 ўқув йилидан Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат техника университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Самарқанд давлат педагогика институтида ўқув режалари иш берувчилар талаблари асосида қайта кўриб чиқилади, фанлар сони қисқартирилиб, мустақил таълим улуши оширилади. Шунингдек, хорижий тилларда ўқитиладиган мутахассислик фанлари кўпайtирилади.
Қарорга мувофиқ, 2026−2028 йилларда профессор-ўқитувчилар ва докторантлар етакчи хорижий университетлар ҳамда илмий марказларда малака ошириш ва стажировка ўтайди. Олийгоҳларнинг халқаро нуфузини ошириш мақсадида уларнинг халқаро рейтинглардаги иштирокини кучайтириш, нуфузли рейтинг ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, иқтидорли талабаларни илмий тадқиқотларга жалб қилиш, профессор-ўқитувчиларнинг халқаро конференциялар ва симпозиумларда иштирокини кенгайтириш, илмий мақолаларни Web of Science, Scopus ва Google Scholar каби халқаро базаларда чоп этишни рағбатлантириш чоралари кўрилади.
Талабалар учун маънавий-маърифий йўналишда ҳам янгиликлар назарда тутилган. Жумладан, «Юртим бўйлаб саёҳат» лойиҳаси доирасида музейлар, театрлар ва тарихий обидаларга ташрифлар ташкил этилади, «Ёш китобхон» танлови ва «Заковат» интеллектуал ўйинлари мунтазам ўтказилади. Спорт соҳасида эса талабалар лигаси ҳамда «Беш ташаббус олимпиадаси» мусобақаларини юқори савияда ташкил этиш белгиланган.
Рақамлаштириш доирасида университет ва институт бинолари юқори тезликдаги интернет ва Wi-Fi билан таъминланади, электрон журнал, электрон давомат ва электрон дарс жадвали тизимлари жорий қилинади. Шунингдек, барча фанлар бўйича электрон ўқув адабиётлари базаси шакллантирилади.
